Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонлик болалар Туркманистонда дам олади
2017-05-17 | Жамият
Туркманбоши шаҳри халқаро аэропортида Аваза миллий сайёҳлик зонасига дам олиш учун келган бир гуруҳ ўзбекистонлик болаларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ҳамкори Туркманистон давлат ахборот агентлиги.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан шу йил май ойи бошида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида билдирилган таклифга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева раҳбарлигидаги делегация Туркманистонга ташриф буюрди.
Май ойи бошида бўлган телефон орқали мулоқотда Туркманистон Президенти Каспий қирғоқларидаги экологик тоза болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган эди. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан қарийб 100 нафар боладан иборат гуруҳ “Даянч” болалар соғломлаштириш марказига етиб келди.
Мактаб ўқувчиларига услубчилар, Ўзбекистон Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари, “Томоша” болалар театр-студияси аъзолари ва журналистлар ҳамроҳлик қилмоқда.
Авазада ёш меҳмонлар учун саёҳатлар, мусиқий ва спорт тадбирлари, енгил атлетика ва сузиш бўйича мусобақалар, ижодий танловлар, ёш билимдонлар ўртасида викторина ва беллашувлар, бадиий кечалар ташкил этилиши кутилмоқда. Ўзбекистонлик ўқувчилар Аваза сайёҳлик зонасида 25 майга қадар бўлишади.
Манба: ЎзА