Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мўйноқ саноати ривожланган обод туманга айланади

2017-05-16 | Иқтисодиёт

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бағишланган бизнес-форум ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, давлат солиқ бошқармаси, Марказий банк ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик, бирлашма, корхона ва ташкилотлар вакиллари, хорижий сармоядорлар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган 200 га яқин тадбиркор иштирок этди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари М.Содиқов, Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари А.Қайпбергенов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудни ободонлаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 февралдаги 2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мазкур ҳужжатга асосан туманда тўқимачилик, тайёр трикотаж маҳсулотлари, томчилаб суғориш ускуналари, сув насослари, пластмасса қувурлар, электротехника ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, балиқчиликни ривожлантириш ва балиқ маҳсулотлари тайёрлаш, фармацевтика учун ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хомашё базасини мустаҳкамлаш, сайёҳлик хизматини тараққий эттириш бўйича 72 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. 

Кейинги икки йилда Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, 52,3 миллиард сўм ва 990 минг долларга тенг бўлган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1 минг 343 янги иш ўрни яратилади. Хусусан, саноат соҳасини ривожлантиришга қаратилган 30,2 миллиард сўмлик 28 лойиҳа доирасида 958 киши доимий иш билан таъминланади. Қишлоқ хўжалигига киритиладиган 4,9 миллиард сўмлик инвестиция эвазига 16 лойиҳа амалга оширилиб, 103 янги иш ўрни ташкил этилади. Орол денгизи тарихи ва бугунги аҳволи, дунё миқёсидаги аҳамиятини кенг тарғиб этиш мақсадида сайёҳлик хизматини йўлга қўйиш учун 17,2 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан 28 лойиҳа амалга оширилади. Бу 280 дан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш имконини беради. 

Эски Мўйноқ консерва заводи ҳудудидан 16 гектар, эски 5-қурилиш бошқармаси ҳудудидан 4,5 гектар майдонда “Мўйноқ кичик саноат зонаси” ташкил этилиб, электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

– Президентимизнинг махсус қарори асосида Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз, – дейди нукуслик тадбиркор, “Абдикарим универсал инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Аблакимов. – Банкнинг 80 миллион сўмлик имтиёзли кредити ҳисобидан бу ерда кунига 1 минг 500 дона нон ишлаб чиқариш қувватига эга новвойхона, шунингдек, сартарошхона ва ҳаммом каби маиший хизмат шохобчалари қуриб, ўнлаб янги иш ўринлари яратмоқчимиз. 

– Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, “Адил-Орол текстиль” корхонасини ташкил этдик, – дейди тадбиркор Парвоз Ережепова. – Касб-ҳунар коллежини битирган 6 нафар ёш иш билан таъминланди. Келгусида ишчилар сонини 30 нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, пайпоқ ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш мўлжалланмоқда. 

Бизнес-форумда Мўйноқ туманида тадбиркорлик субъектлари учун яратилган имконият ва имтиёзлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Қарорга мувофиқ, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан 2027 йилнинг 1 январига қадар саноат соҳасида ташкил этиладиган микрофирма ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловидан озод этилади. 

Мўйноқ туманининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган бундай эзгу ишлар самарасида 2019 йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 марта, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 1,5, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 1,3, хизмат кўрсатиш 1,7 мартага ўсиши кутилмоқда.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться