Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижий тилларни ўқитиш такомиллашмоқда
2017-05-16 | Таълим
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Хорижий тилларни ўқитишдаги замонавий тенденциялар: ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.
Университет ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази томонидан Fledu.uz электрон журнали, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олий ўқув юртлари, ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, журналистлар ва талабалар иштирок этди.
Марказ директори У.Азизов ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар чет тилларни ўргатиш тизимини янада такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, касб маҳорати ва кўникмаларига эришиш ҳамда ёшларда хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Умумий ўрта таълим мактаблари бошланғич синфларида чет тили ҳафтасига икки соат, юқори синфларда уч соат ўқитилмоқда. Янги таълим стандартига мувофиқ 1-4-синфлар учун чет тили дарсликлари яратилди. 5-синф учун инглиз, немис ва француз тиллари бўйича янги дарсликлар тажриба-синовдан ўтказилиб, такомиллаштирилаётир.
Ўқитувчиларга амалий методик ёрдам бериш мақсадида Тошкентдаги Гёте институти, Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. Жумладан, жорий йил немис ва француз тиллари ўқитувчилари учун ташкил этилган ҳудудий семинарларда хорижлик экспертлар томонидан машғулотлар ўтказилди. Бу жараёнда фаол иштирок этган ва турли танловларда ғолиб чиққан 9 мутахассис Германия ва Францияда малака ошириб қайтди.
Халқаро семинарга хорижий тилларни ўқитишнинг методологияси, услубий кўрсатмалар, тил ўргатишдаги муаммолар, тавсия ва фикр-мулоҳазаларни қамраб олган уч юздан ортиқ илмий мақола топширилган. Тадбир иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда бу борадаги долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Манба: ЎзА