Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухорода Хитой билан ҳамкорликда бешта қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда
2017-05-16 | Иқтисодиёт
Президентимиз раҳнамолигида чет эл инвестицияларини жалб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Бухоро вилоятида Хитой билан ҳамкорликда 5 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.
“Бухоро бриллиант силк” корхонасида пиллани қайта ишлаб тайёрланаётган ипак тола калаваси жаҳон бозорида харидоргир. Маҳсулотнинг асосий қисми хорижлик буюртмачиларга жўнатилмоқда. Ўтган йили Ҳиндистон, Эрон, Туркия ва Вьетнам мамлакатларига 2,5 миллион долларлик ипак тола экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3,5 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган корхонада қайта ишланган турли ўлчам, кўриниш ва рангдаги матолар буюртмачи таклифи ва бозор талаби асосида тайёрланмоқда. “Баҳор”, “Ёмғир”, “Юлдузлар” каби ўнлаб кўринишдаги матоларга босилган гулларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг ранги ўчмайди, сув ва қуёш нурига чидамли. Матолар экологик тоза, ҳар қандай иқлимга мос.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 10 март куни Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган бир қанча лойиҳалар билан танишиб, “Бухоро бриллиант силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ҳам бўлди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишар экан, бундай корхоналарни кўпайтириш зарурлиги ҳамда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш лозимлигини таъкидлади. Ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш бўйича тавсиялар берди.
– Биз Президентимиз кўрсатмаси асосида мато ишлаб чиқариш цехини янада кенгайтириш режасини амалга оширишга киришдик, – дейди “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонаси директори ўринбосари М.Қодиров. – "Ўзсаноатқурилишбанк” Бухоро вилояти филиали томонидан ажратиладиган 8 миллион доллар миқдоридаги кредит учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бу маблағ ҳисобига цехимизда хориждан келтириладиган унумдорлиги юқори 10 замонавий тўқув дастгоҳи ҳамда матони пардозлаш ва бўяш ускуналари ўрнатилади. Лойиҳа тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 2 баробар оширишни кўзда тутади. Бу нафақат ички бозорни, шу билан бирга, хорижлик буюртмачилар эҳтиёжини ҳам қондириш имконини беради. Шунингдек, бу ерда йирик тикувчилик цехи ташкил этилади. Бу яна кўплаб иш ўринлари яратилади, экспорт салоҳияти янада ошади, демакдир.
Вобкент туманидаги кир ювиш воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Баҳор пластикс” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ҳам самарали фаолият юритмоқда.
Корхона цехлари замонавий жиҳозланган, маҳсулот сифати халқаро стандартларга тўла жавоб беради.
– Ўтган йили умумий қиймати 57 миллиард сўмлик кир ювиш воситалари ишлаб чиқарилди, – дейди “Баҳор пластикс” қўшма корхонаси ижрочи директори С.Латипов. – Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан тушган буюртмалар ўз вақтида бажарилмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига 293,3 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик.
Корхона жамоасининг жорий йилги марралари янада юқори. Буюртма портфелига мувофиқ, корхонада 63 миллиард сўмликдан зиёд кир ювиш воситалари ишлаб чиқарилади. Чет эллик буюртмачилар билан 2 миллион долларлик шартнома тузилди.
Экспортчи субъектларга давлатимиз томонидан берилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари уларга айланма маблағини кўпайтириш имконини бераётир. Бу эса ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА