Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Данғара туманидаги текстиль корхонасида янги тармоқ ишга туширилди, 100 га яқин янги иш ўрни яратилди
2017-05-16 | Иқтисодиёт
Фарғона вилояти Данғара туманидаги “Аюбхон текстиль” масъулияти чекланган жамиятида янги тармоқ ишга туширилди.
Корхонада тайёрланаётган эркаклар ва болалар кўйлаги ўзига хос дизайни ва юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. Тумандаги бўш бино инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан "ноль" қийматда корхонага берилди. 800 миллион сўмлик инвестиция эвазига замонавий технологиялар ўрнатилган янги тармоқда 100 га яқин иш ўрни яратилди.
Янги тармоқнинг очилишида Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, таркибий ўзгаришларни янада кенгайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, замонавий технологиялар келтириб ўрнатдик, – дейди жамият раҳбари Дилшода Усмонова. – Бунинг самарасида маҳсулот сифати янада яхшиланиб, ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ортди. Иш ўринлари ҳам кўпайди. Яқинда пахтадан ип-калава ишлаб чиқарган ҳолда зарур хомашёни ҳам корхонанинг ўзида тайёрлашни йўлга қўймоқчимиз. Бу маҳсулот таннархининг янада арзон бўлишига имкон яратади.
Янги тармоқнинг очилишида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.
Манба: ЎзА