Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Декларацияни тўғри тўлдириш тартиби тушунтирилди
2017-05-16 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан божхона сохасида янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳиятини тадбиркорлар ва ТИФ қатнашчиларига етказиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулайлик ва енгилликларни самарадорлиги ва амалиётда мавжуд муаммоларни бевосита ТИФ қатнашчиларининг ўзлари билан муҳокама қилиш мақсадида Навоий вилояти божхона бошқармасида тадбиркорлар билан йиғилиш ташкил этилди.
Унда вилоят ҳудудида фаолият оли бораётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирок этишди.
Семинарни Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Чориев кириш сўзи билан очиб берди. У мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулайлик ва енгилликларни самарадорлигини мисоллар билан тушунтириб берди ва амалиётда муаммолар мавжудлиги билан қизиқди.
Шунингдек, учрашувда 2017 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида 2868-сон билан рўйхатдан ўтган Давлат божхона қўмитасининг “Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарори юзасидан кенг тушунтиришлар берилди.
Унга кўра, ҳужжатлар божхона органига рус ёки инглиз тилларида тақдим этилади. Бошқа тилда тўлдирилган ҳужжатлар божхона органига декларант томонидан тасдиқланган ўзбек, рус ёки инглиз тилидаги таржимаси билан бирга тақдим этилиши керак. Ҳужжатлар асл нусхада ёки декларант томонидан тасдиқланган нусха кўринишида тақдим этилади.
Электрон БҚД ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар божхона органларига белгиланган формат ва тузилишга мувофиқ тақдим этилиши лозим. Агар илова қилинадиган ҳужжатларнинг электрон формати белгиланмаган бўлса, ушбу ҳужжатларнинг сканер қилиш орқали олинган нусхалари тақдим этилади.
Аввалги тартибда товарларнинг божхона қийматини аниқлашнинг усулларидан фойдаланганда тақдим этиладиган хужжатлар рўйхати мавжуд эмас эди. Эндиликда, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар товарларнинг божхона қийматини аниқлашнинг ҳар бир усули бўйича ушбу йўриқноманинг 3-иловасида кўрсатиб ўтилган хужжатларни БҚД билан биргаликда божхона органларига тақдим этишлари аниқ белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ушбу йўриқнома асосида божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлариннг божхона қийматини аниқлашда фойдаланиладиган 6 та усулнинг ҳар бири бўйича Божхона қиймати декларациясининг янги шакллари тасдиқланганини таъкидланди.
Ушбу қарор жорий йилнинг 23 июнидан бошлаб кучга кириши йиғилганлар эътиборига етказилди.
Асосий эътибор мазкур қарор билан тадбиркорларга божхона соҳасида жорий қилинган янги қулайликлар ва енгилликларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ етказишга қаратилди.
Шу билан бирга, электрон БЮДни шакллантириш имконини берувчи “Е-БЮД” дастури ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди. Ушбу дастурнинг энг катта афзалликлари қуйидагилардир:
божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи мутахассисларнинг иш самарадорлигини оширади;
дастурни интернетдан юклаб олиш бепул;
компьютерга ўрнатиш қулай;
базани янгилаб, эскисини архивлаш ва ундан ихтиёрий вақтда фойдаланиш мумкин;
дастурда “xml” форматдаги электрон БЮДни базага юклаб олиш мумкин;
БЮД формасини режимларга мос шакллантирилиши ва бошқа имкониятлар.
Шунингдек тадбирда импорт товарларининг божхона қийматини аниқлаш усуллари, тартиби ва унда керак бўладиган ҳужжатлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Ҳамда божхона қиймати декларацияларини тўлдириш тартиби тушунтирилди.
Тадбирда ДБҚ Статистика ва таҳлил маркази бош инспектори Д.Исроилхонов қатнашди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассисларидан жавоблар олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси