Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда божхона соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди
2017-05-16 | Жамият
Сўнги йилларда республикамизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноятчиликга қарши курашиш, давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоясини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ҳамкорликдаги фаолият бугунги кунда ўзининг муайян самарасини бермоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Хуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида”ги 2014 йил 14 май куни ЎРҚ-371-сон Қонуни қабул қилинганлиги алоҳида аҳамиятга эгадир.
Тадбиркорлик субъектлари ҳамда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, уларга қонун билан белгиланган нормаларни етказиш, божхона хизмати билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги янги ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида тушунтиришлар бериш мақсадида, Наманган вилояти божхона бошқармасида навбатдаги очиқ мулоқот тарзидаги семинар ташкил этилди.
Унда, Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи О.Хожиматов раислик қилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасидан Марказий божхона лабораторияси вакили О.А.Хасанов, ҳудудий банк, солиқ идоралари, “Наманган экспертиза” ташкилоти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинар давомида, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги Қонун талаблари, ТИФ соҳасида хуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари юзасидан тушунчалар берилиши билан бирга, тадбиркорлик субъектларини ҳамда хусусий мулкни ҳимоя қилиш борасида Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти етказилди.
Шуни такидлаш жоизки, мазкур Қонунга асосан 2017 йилнинг ўтган даври давомида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган 20 нафардан ошиқ тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари, ходимлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларга нисбатан маъмурий ишлар юритиш тугатилиб, олинган ашёларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш имконияти ва маъмурий жарималардан озод бўлишларига сабаб бўлгани таъкидланди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш йўналишида маъруза билан чиқиш қилинди ҳамда божхона органларида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, соҳадаги меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ўрганиб чиқилди.
Хулоса ўрнида, юқорида назарда тутилган қонун ва қонун ости ҳужжатлар мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, аҳолини барқарор ва сифатли иш билан таъминлаш, одамлар турмуш сифатини ва даражасини янада яхшилаш, жамиятда ижтимоий барқарорликни мустахкамлашга хизмат қилиши кўрсатиб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси