Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда туризм ривожи учун қўшимча сармоя имкониятлари таҳлил қилинди
2017-05-16 | Жамият
Пайариқ тумани ҳокимлигида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ва ОАВ вакиллари иштирокида «Мамлакат иқтисодиётининг стратетегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов учрашувни очиб, Ўзбекистон – туризм соҳасида улкан салоҳиятига эга бўлган давлат бўлиб, юртимизда туризмни ривожлантиришнинг имкониятлари кенг эканлигини қайд қилиб ўтди.
Туризм иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, қўшимча иш ўринлари яратилишига, аҳоли бандлигини таъминлашга, халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишлиги, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, инфратузилманинг ривожланишига туртки беришини таъкидлаб ўтди.
Учрашув қатнашчиларига, Ўзбекистон Республикаси божхона органларида туризмни ривожлантириш борасида яратилган қулайликлар, шарт-шароитлар юзасидан маълумот тақдим этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг туризм сохасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сон Фармонининг мазмун-моҳияти етказилиб, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида божхона назоратини соддалаштириш ўрта муддатли истиқболда туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсадли вазифалари ва устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлигини таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, ушбу Фармон билан «яшил йўлак» божхона назорати тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг, транспорт хизмати кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш юзасидан берилган топшириқларнинг ижоросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот тақдим этди.
Хусусан, сайёҳларни тез ва сифатли божхона назоратидан ўтказишни таъминлаш борасида «Самарқанд» халқаро аэропортининг божхона зонасида яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар билан бирга йўловчиларга тақдим этилган ахборотларни қайд қилди.
Божхона бошқармаси ходимларидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган сайёҳларни тезкорлик билан божхона назоратдан ўтказиш ва расмийлаштирувини ташкил этишда, хавфсизликни таъминлаш борасида синчковлик билан божхона назоратини амалга ошириш талаб этилишини таъкидлаб ўтди.
Туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи мутасадди ташкилотлар томонидан сайёҳларга олдиндан божхона чегараси орқали ҳаракатланишни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талаблари юзасидан тушунтириш беришлари мақсадга мувофиқ бўлишлигини кўрсатиб ўтилди.
Учрашувда Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Сувонов, Самарқанд вилояти ҳудудида туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида яқин йилларда амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар юзасидан маълумот тақдим этди.
Учрашув, сайёр қабул давомида Пайариқ туманида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан берилган божхона соҳаси бўйича ўзини қизиқтирган саволлари юзасидан вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов ва бошқарманинг муайян соҳаларига масъул бўлган ходимлари меъёрий ҳужжатларга асосланган жавоб, тушунтиришлар беришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси