Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлом аёл – соғлом авлод
2017-05-16 | Спорт
Пойтахтимизда 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан хотин-қизлар ўртасида велотур ўтказилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, мамлакатимиз велоспорт федерацияси, Касаба уюшмалари федерацияси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси сингари қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган мусобақада мингдан ортиқ хотин-қиз – идора ва ташкилотлар ишчи-ходимлари, уй бекалари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари талаба ва ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жўраев ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади. Бу жараёнда хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг спортга қизиқишини янада ошириш доимий эътиборда.
Оилаларни мустаҳкамлаш, уларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда спортнинг аҳамияти катта. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан бу борада қатор тадбирлар, спорт мусобақалари, фестиваллар мунтазам ташкил этилмоқда. 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан "Соғлом аёл – соғлом авлод" шиори остидаги республика велотури ҳам оилалар, хусусан, хотин-қизлар саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мусобақада иштирокчилар учта ёш тоифасидаги (18-31, 31-45, 46 ва ундан юқори) гуруҳларда ғолиблик учун баҳслашди.
– Бугунги тадбирда ғалаба қозонганимдан хурсандман, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Ҳилола Дилмуродова. – Бундай тадбирлар жамиятда соғлом муҳит барқарорлиги, ёшларнинг, айниқса, келажакда оила бекаси, она бўладиган қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлишида катта замин яратади.
– Ёшим қирқда, уч фарзандим бор, – дейди мусобақа иштирокчиси, оҳангаронлик Дилноза Бегимбоева. – Ўзим тиббиёт соҳасида ишлаганим учун жисмоний тарбия ва спортнинг инсон саломатлигида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини яхши биламан. Шунинг учун ўзим ҳам, фарзандларим ҳам спорт билан шуғулланишни канда қилмаймиз. Бугунги тадбир аҳоли, айниқса, ёшларнинг, оилаларнинг соғлом бўлишини таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.
Манба: ЎзА