Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди
2017-05-16 | Маданият
Мамлакатимиз барча қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамламоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар, маданий-гуманитар тадбирлар фаоллашгани бунинг яққол далилидир.
Жорий йилнинг апрель ойида Душанбе шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари миллий кўргазмаси тожикистонликларда катта қизиқиш уйғотган эди. 9-13 май кунлари ушбу мамлакатда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигидан хабар беришларича, мамлакатимиз делегацияси Душанбе халқаро аэропортида карнай-сурнай билан кутиб олинган. Маданий тадбирда “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари, Ўзбекистон халқ артистлари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, халқаро танловлар ғолиблари, “Ўзбекистон” ашула ва рақс ансамбли иштирок этган.
Маданият кунларининг очилиш маросими 10 май куни С.Айний номидаги давлат академик опера ва балет театрида бўлиб ўтди. Унда Тожикистон ҳукумати аъзолари, Маданият вазирлиги ва дипломатик корпус вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Театр фойесида Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқларига бағишланган “Замонавий Ўзбекистон” номли фотокўргазма ташкил этилди.
“Коҳи Наврўз” мажмуасида бўлиб ўтган “Ота” ва “Ойқиз эртаги” бадиий фильмлари намойиши ҳам томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Душанбе шаҳри билан бир қаторда Қўрғонтепа ва Турсунзода шаҳарларида ҳам концерт дастурлари ўтказилди.
Тожикистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон ва Тожикистон маданий алоқалари ҳамда Ўзбекистон маданияти кунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон маданияти кунлари Тожикистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Ўзбекистон маданияти кунлари асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маданий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Манба: ЎзА