Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбек пахтачилигида генетик хариталаш

2017-05-16 | Иқтисодиёт

Мамлакатимизда тўқимачилик саноати жадал ривожланмоқда. Бу табиий ва сифатли толага бўлган талабни оширмоқда. Шу боис олимларимиз олдига маркерларга асосланган селекция (МАС) каби замонавий технологияларни қўллаб, ғўзанинг тола сифати юқори, серҳосил, турли зараркунанда ва касалликларга чидамли янги навларини қисқа муддатларда яратиш вазифаси қўйилмоқда. 

Бу борадаги вазифаларни бажаришда мамлакатимизда геномика ва биоинформатика фанларининг ривожланишига қаратилаётган алоҳида эътибор қўл келмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу соҳада дунё фанида ўз ўрнига эга нуфузли илмий мактаб ва муҳит шакллантирилди, замонавий лабораториялар ташкил этилиб, кенг миқёсда халқаро илмий алоқалар йўлга қўйилди. 

Дунёда ғўза майдонининг 95 фоиздан ортиқ қисмига ўрта толали, 3 фоизга яқин қисмига ингичка толали навлар экилмоқда. Ўрта толали ғўза серҳосил ва эртапишар ҳисобланади. Лекин унинг тола сифати ўртача. Ингичка толали ғўза навларида тола сифати майинлиги, ўта пишиқлиги билан ажралиб туради. Бироқ, ушбу тур ғўза навлари ҳосили озлиги ва кечпишарлиги сабабли дунёнинг иқлими иссиқ ўлкаларидагина етиштирилади. 

Ғўзанинг хромосомаси қайси линия билан алмаштирилса, ўша турга хос белги хусусиятларга эга бўлади. Биз қўллаган тажрибада линиялар ўрта толали ғўза турига мансуб бўлиб, уларнинг ҳар бирида ингичка толали ғўзанинг бир жуфт хромосома ёки бўлаклари мавжуд. Хромосомаси алмаштирилган линиялар турлараро дурагайлашишдаги кўпгина қийинчиликларни бартараф этишда қимматли донор ҳисобланади. Зеро, бундай тажриба самарасида тола чиқими бошланғич материали бўлган линияга нисбатан 2-6 фоизгача ошиб, тола узунлиги ва майинлиги сезиларли даражада ортмоқда. 

Олимлар олдига мана шундай қимматли белгиларни ўзида тутган хромосомаси алмаштирилган линиялари билан маҳаллий ғўза навларини дурагайлаб, қимматли хўжалик белгиларга жавобгар бўлган генларни хариталашда муҳим бўлган популяцияларни яратиш вазифаси қўйилган. Ушбу илмий топшириққа биноан бу линиялар билан маҳаллий "Ан-Боёвут-2" ғўза навини дурагайлашга эришдик. Ўтган йили марказимизда дунё пахтачилигида биринчилардан бўлиб хромосомаси алмаштирилган линияларга хос бўлган 1 минг 500 га яқин рекомбинант инбред линияларни ўз ичига олган ўндан ортиқ популяция яратишга муваффақ бўлдик. 

Мазкур популяциянинг ирсияти мингга яқин ДНК маркерлари ёрдамида тадқиқ қилинди. Натижада толанинг муҳим сифат белгилари – узунлиги, пишиқлиги ва чўзилувчанлигига жавобгар бўлган ўнга яқин ген йиғиндиси ёки ирсиятнинг муҳим бўлаклари билан генетик бириккан бир қатор ДНК маркерларини аниқлашга эришдик. 

Олинган натижаларни ғўзанинг МАС дастурига қўллаб, тола сифати юқори бўлган ғўзанинг янги навларини яратишда қимматли қурилма сифатида фойдаланиш мумкин. Мазкур популяциялар келгусида юртимизнинг турли иқлим шароитида тадқиқ қилиниб, қатор қимматли хўжалик белгиларга алоқадор бўлган генларни аниқлашда ноёб генетик материал ҳисобланади. 

Генетик хариталаш натижасида олинадиган хулосалар ғўзанинг янги навларини яратиш жараёнини жадаллаштиради. Аслида янги нав яратишнинг анъанавий усули учун ўртача 15-20 йил керак. Энди маркерларга асосланган селекция кўмагида бу муддатни икки маротаба қисқартириш имконияти мавжуд. Демак, ўзбек пахта толасининг дунё бозоридаги нуфузи янада ошади.

Манба: ЎзА

Поделиться