Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Битирувчилар бандлиги – доимий эътиборда

2017-05-16 | Иқтисодиёт

Наманганда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ўтказилган меҳнат ярмаркасида 125 тадбиркорлик субъекти томонидан 700 дан зиёд бўш иш ўрни тақдим этилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят меҳнат бош бошқармаси ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 1000 га яқин битирувчи иштирок этди. Ярмаркада ижтимоий муҳофаза, меҳнат қонунчилиги, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган имкониятлар, вилоятдаги замонавий корхоналар, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш муассасалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. 

– Президентимиз раҳнамолигида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор ёшларни ушбу соҳа бўйича аниқ мақсадга йўналтиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди вилоят меҳнат бош бошқармаси бўлим бошлиғи С.Ризаев. – Бугунги тадбирда ҳам 17 битирувчига тақдим қилган бизнес режаси учун 180 миллион сўмдан зиёд имтиёзли банк кредити олиш хуқуқини берувчи сертификат топширилди. 16 битирувчига 144 миллион сўмга яқин кредит маблағи ажратилди. 

Тадбир доирасида ўтказилган саноат, қурилиш корхоналари каби хўжалик юритувчи субъектлар мини-технологиялари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари кўргазмаси ёшларда катта қизиқиш уйғотди. 

– “Наманганмаш” акциядорлик жамияти билан меҳнат шартномаси туздим, – дейди Наманган саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Б.Аҳмадхонов. – Битиришим билан ишли бўлаётганимдан мен ҳам, уйимдагилар ҳам хурсанд. 

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда 108 касб-ҳунар коллежини 35 минг 200 дан зиёд ўғил-қиз битиради. Уларни иш билан таъминлаш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар асосида изчил ишлар олиб борилаётир. Вилоят меҳнат бош бошқармаси, туман, шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳар бир битирувчига унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш мақсадида идора ва ташкилотлар вакиллари масъул этиб бириктирилган. Кўрилаётган чора-тадбирлар самарасида йилнинг биринчи чорагида битирувчиларнинг 98 фоизи билан тўрт томонлама шартнома расмийлаштирилган. 

Битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш мақсадида Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан 19 миллиард 880 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратилиши режалаштирилган. Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 2 минг 575 битирувчининг маълумотлар базаси шакллантирилди. Шунга асосан йилнинг биринчи чорагида 535 битирувчининг бизнес лойиҳаси 6 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли банк кредити билан молиялаштирилди. 

Ярмаркада кўплаб ёшларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. 

 

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться