Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзаро ишонч ва мустаҳкам дўстликка асосланган ҳамкорликнинг юксак натижалари
2017-05-16 | Сиёсат
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2017 йил 11-13 май кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.
12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари 13 май куни Пекин шаҳрининг Тяньаньмэнь майдонидаги Халқ қаҳрамонлари ёдгорлиги пойига гул қўйди, қаҳрамонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди. Унда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди.
Учрашувда Ўзбекистонда ХХРнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилгани, нефть-газ ва телекоммуникация тармоқлари, транспорт, тўқимачилик, сайёҳлик, қурилиш, кимё саноатида ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.
Бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келаётган ишбилармонларни кўриб турганимдан хурсандман, деди давлатимиз раҳбари. Биз хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда иштирок этмоқда.
Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритганини алоҳида таъкидлаш лозим, деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзень Чжу, «COFCO» корпорацияси директорлар кенгаши раиси Чжао Шуанлянь, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Чжан Сюгуань, Хитой Эксимбанки вице-президенти Сунь Пин, "Poly Technologies Inc" компанияси бош директори ёрдамчиси Мяо Цзэчунь ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик юқори натижалар бераётгани, бундан кейин ҳам ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян билан учрашди. Мулоқот чоғида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Сизнинг ташрифингиз Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни юқори босқичга кўтаришига ишонамиз, деди Чжан Дэцзян.
Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан ҳам учрашди.
Ли Кэцян Президентимизнинг ушбу ташрифи давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Хитой билан дўстлик алоқаларини қадрлашини, мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётгани халқларимиз манфаатларига мос эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси директорлар кенгаши раиси Ван Илинни қабул қилди.
Мазкур корпорация мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш, Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш жараёнида фаол иштирок этмоқда.
Учрашувда юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳалар ижросининг истиқболлари ва Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига Хитой сармояларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича энг замонавий, экологик тоза ва самарадор технологиялар жорий қилиш бўйича ҳамкорликни янада кенг кўламда давом эттириш, Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Президентимиз Хитой Халқ Республикаси Экспорт-импорт банки бошқаруви раиси Ху Сяолянь хоним билан учрашди.
Мазкур банк кредитлари эвазига мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилган. Давлатимиз раҳбари ўзаро ишончга асосланган ва икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш мамлакатларимиз учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ўзбекистон банк тизими юксак даражада барқарор ва ишончли бўлиб, бу жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида яққол ўз тасдиғини топди.
Ху Сяолянь Хитой Ўзбекистон билан инвестициявий алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистон билан Хитой ўртасида олий даражадаги ҳамкорлик қўмитаси тузиш тўғрисидаги келишув бўлди. Бу билан икки мамлакат ўртасида ўзаро муносабатларнинг барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни тизимли ривожлантириш учун ишончли институционал асос яратилади.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнот имзоланди.
Ташриф давомида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги 100 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Эришилган келишувлар доирасида кўплаб салмоқли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз делегациясига кўрсатилган юксак эҳтиром ва меҳмондўстлик учун Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга миннатдорлик билдирди ва уни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди. Таклиф мамнуният билан қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 май кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» форумида иштирок этди.
Форумни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин очди. Хитой раҳбари форумда иштирок этаётган барча давлат раҳбарларига миннатдорлик билдириб, мазкур лойиҳанинг аҳамияти, мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлади.
Форумда 30 га яқин мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Анжуманда БМТ Бош котиби, Жаҳон банки президенти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.
«Бир макон, бир йўл» ҳар бир давлатнинг ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очади.
Форумда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари мазкур форумнинг аҳамияти, уни такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари ҳақида тўхталди.
Биз табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига ғоят бой бўлган минтақамизда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юксак технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутамиз, деди Ўзбекистон Президенти.
Иккинчи муҳим масала – Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жанубий-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқишдан иборатдир, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Юртимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти мисли кўрилмаган даражада юксалди. Хорижий сармоядорларнинг фаол ва эркин иш юритиши учун кенг қулайликлар яратилган. Бундай имтиёз ва имкониятлар хорижлик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқишини тобора оширмоқда.
Турли минтақаларнинг ўзаро алоқаларида Буюк ипак йўли беқиёс аҳамият касб этган. Буюк ипак йўли нафақат ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки давлатлар ва қитъалар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга ҳам хизмат қилган, янги маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари тарқалишида, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот учун шарт-шароитлар яратилган.
Бугун ушбу йўлнинг қайта тикланиши деб баҳоланаётган «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жўғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ва ишончли стратегияси кўплаб давлатлар ишбилармонларининг ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди.
Манба: ЎзА