Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бойсун туманида анъанавий "Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтди
2017-05-15 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида 13-14 май кунлари халқимизнинг кўп минг йиллик миллий анъана ва қадриятлари ифодаси бўлган "Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтди.
Бойсун тоғ тизмаларига туташ Оқтошота адирларида майин шабада эсмоқда. Қадимий ўтовлар аждодларимиз неча минг йиллар асраб-авайлаб келган халқ амалий санъати намуналари билан безатилган. “Бойсун баҳори” фольклор фестивали ва миллий маънавий меросимиз акс эттирилган паннолар ўрнатилган. Ўзбекистонимизнинг турли ҳудудларига хос нафис ва ноёб маданий меросни кенг тараннум этиш истагида фестивалга келган фольклор жамоалари, бахши-шоирлар, оқин ва жировлар учун саҳналар барпо этилган. Улкан электрон мониторда миллий қадриятларимиз, маданий меросимиз, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаёт акс эттирилган лавҳалар намойиш этилмоқда.
Тоғ арчаси, шифобахш гиёҳлар, турфа ранг гуллар ҳиди уфуриб турган яшил адирлик узра чорлов мусиқаси янграйди.
Фестивалнинг очилиш маросимида мамлакатимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, миллий қадриятларимизни тиклаш, қадимий меросимизни, хусусан, халқ ижоди анъаналарини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бундай эзгу ишлар аждодлардан мерос бўлиб келаётган халқ амалий санъати, халқ оғзаки ижоди сингари номоддий маданий мерос дурдоналарининг ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллашида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё – ана шундай бой ва бетакрор маданий меросга эга воҳалардан. Бунда Бойсун туманининг моддий ва номоддий маданияти муҳим ўрин тутади. Ноёб қадриятлари, ҳудуд табиатига хос ранг-баранг либослари, достон ва лапарлари, сеҳрли чанқовуз оҳанглари билан қадимдан машҳур бўлиб келган Бойсун 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. 2002 йил май ойида қатор давлатлардан келган халқ ижрочилари иштирокида биринчи марта “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилди.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги “Сурхондарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган фольклор жамоаларининг 200 дан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар билан иштирок этди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори Азамат Ҳайдаров. – Номоддий маданий меросимизнинг энг ёрқин ва ноёб дурдоналари ўрин олган мазкур дастурларда халқимизнинг азалий орзу-интилишлари, садоқат, вафо ва мардлик каби олижаноб фазилатлари ўз ифодасини топган. Ўтган йилларда ташкил этилган фестиваль доирасида халқимиз тарихи ва маданиятини ўрганиш, унинг бой меросини асраб-авайлашга бағишланган тадбирлар жараёнида тарихчи, археолог, филолог, этнограф олимлар, ҳунармандлар томонидан 50 га яқин ноёб ёдгорлик аниқланган.
Гўзал табиат қўйнида ташкил этилган дўстлик, ҳамжиҳатлик ва санъат байрамида Қорақалпоғистон Республикасининг “Шуъла”, Андижон вилоятининг “Гулруҳ”, Бухоро вилоятининг “Хўжаи жаҳон”, Жиззах вилоятининг “Гаштак”, Навоий вилоятининг “Кармана юлдузлари”, Наманган вилоятининг “Яллама ёрим”, Самарқанд вилоятининг “Сарбози”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, “Жайхун”, Тошкент вилоятининг “Шош наволари”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона”, Фарғона вилоятининг “Қува наволари”, Хоразм вилоятининг “Авазхон”, Қашқадарё вилоятининг “Ризвонгул” каби фольклор жамоалари тайёрлаган махсус дастурлар барчада катта таассурот қолдирди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари бахши-шоирлари, оқин ва жировлари куйлаган халқ достонлари, лапару ўланлари қадим Бойсун тоғларига Алпомишу Барчинойлар айтишувларини қайтаргандек бўлди.
– Фестиваль бўлаётганини эшитиб, фарзанду набираларни олиб келавердик, – дейди Қумқўрғон туманидаги Чўлтепа маҳалласида яшовчи Чоршанби Холмўминов. – Бу ерга тикилган турли-туман ўтовлар, аждодларимиздан мерос қадимий ҳунармандлик буюмлари, ноёб чолғу асбоблари кўргазмаларини қишлоғимиз ёшлари бир кўриб қўйсин, дедик-да. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фольклор жамоаларининг дастурларини мириқиб тингладик, томоша қилдик. Неча минг йиллардан буён халқимиз ардоқлаб келаётган номоддий дурдоналар билан табиат қўйнида танишишнинг гашти бўлакча. Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва фаровонлик туфайлидир.
Фестиваль қадимий фольклор санъатимиз билан ўтмиш маданий ёдгорликларимиз тарихининг ўзаро боғлиқлиги, узвийлиги ва улуғворлигини, улар буюк маънавиятимиз сарчашмалари эканини кенг тарғиб қилиш, ёшларни аждодларимизнинг маънавий меросидан баҳраманд этиш орқали уларда миллий ғурур туйғусини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
– Қадимий урф-одат ва анъаналаримизни асл ҳолича тараннум этаётганимиз, бу йўлдаги изланишларимиз муносиб рағбатлантирилаётганидан фахрланамиз, – дейди Навоий вилоятининг “Кармана юлдузлари” фольклор этнографик халқ ансамбли бадиий раҳбари Холмурод Жалилов. – Жорий йилда жамоамизга халқ ансамбли номи берилди. Ҳозир репертуаримизда 100 дан ортиқ қўшиқ бор. Туманимизга хос урф-одат ва анъаналар акс этган репертуаримизни хорижда ҳам намойиш этишни режалаштирганмиз. “Бойсун баҳори” фольклор фестивали биз учун катта мактаб вазифасини ўтади.
– Миллий қадриятларимиз ифода этилган дастурларни қатор хорижий давлатларда ҳам намойиш этганмиз, – дейди Тошкент вилоятининг “Шош наволари” ашула ва рақс ансамбли раққосаси Нурхон Мавлонова. – 2015 йили Жанубий Кореяда бўлиб ўтган “Ипак йўли – 2015” халқаро фестивалида қатнашганмиз. Бундай тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу фестиваль миллий қадриятлар кенг тараннум этилган, тинчлик ва миллатлараро дўстлик улуғланган санъат байрами сифатида хорижлик меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.
– Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлганман, – дейди германиялик сайёҳ Гисэла Грайнер. – Аммо "Бойсун баҳори"дай нафис, сержило фестивални кўрмаганман. Одамнинг кўплигини қаранг, барчасининг чеҳрасида мамнунлик, қувонч акс этиб турибди. Ҳавасинг келади. Ҳамма рақсга тушди, мен ҳам маза қилиб ўйнадим. Айниқса, миллий ҳунармандлик буюмларининг хилма-хиллиги, санъаткорлар эгнидаги нафис либослар ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Мана санъат, мана миллий ўзига хослик.
Фестиваль доирасида илмий-амалий конференция ўтказилди. Кураш ва бошқа миллий халқ ўйинлари ташкил этилди. Пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари ва “Ниҳол” мукофоти совриндорларининг гала-концерти, Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрининг “Аёл ҳақида қасида” мусиқали фольклор спектакли намойиш этилди.
Тадбир якунида фольклор жамоаларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Фестивалда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА