Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чет тилларини ўқитишда замонавий тенденциялар халқаро конференция муҳокамасида
2017-05-15 | Таълим
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Чет тилларни ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази ҳамда «Ўзбекистонда хорижий тиллар» электрон журнал ва Интернет портали томонидан жорий йилнинг 13 14 май кунлари «Чет тилларни ўқитишда замонавий тенденциялар: ютуқлар, муаммолар ва ечимлар» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Унда тадбирда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ва Британия мактаби вакиллари, республика таълим муассасалари чет тили ўқитувчилари, хорижлик экспертлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Анжуман дастури ялпи мажлис, алоҳида шўбалардаги семинар-тренинг, маҳорат дарслари, давра суҳбати, китоб лотереяси ва бошқа шу каби тадбирларни ўз ичига олди.
Халқаро илмий-амалий анжуман ўзбек, рус, инглиз, немис ва француз тилларида олиб борилди. Унда чет тилларини ўқитишнинг долзарб масалаларига бағишланган фикр-мулоҳазалар, таклифлар муҳокама қилинди.
Икки кун давом этган халқаро анжуманда узлуксиз таълим тизимида хорижий тилни ўқитиш, чет тилини ўқитиш, ўрганиш ва баҳолаш, махсус мақсадларга йўналтирилган чет тилларини ўқитиш, мустақил таълим кўникмаларини ривожлантириш, хорижий тилни ўрганишда малакалар интеграциясининг ўрни, хорижий тилларни ўқитишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Халқаро илмий-амалий анжуманга келиб тушган 500дан зиёд илмий мақолалар орасидан 150га яқини саралаб олинди ва алоҳида тўплам ҳолида чоп этилмоқда. Тадбир якунида соҳага оид китоблар лотереяси ўтказилди ҳамда иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги