Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оилалар тотувлиги ва фаровонлиги йўлида
2017-05-15 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Халқаро оила кунига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди.
Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш масалаларига бағишланган мазкур анжуман Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика "Оила" илмий-амалий маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси ўринбосари Н.Мўминов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оила манфаатларини ҳимоялаш масалалари бугунги кунда изчил давом эттирилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони аҳолининг муҳтож қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам даражасини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини янада юксалтириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш каби долзарб йўналишларни қамраб олган. Бу оилалар тўкинлиги ва фаровонлигини янада ошириш, уларнинг манфаатларини тўлақонли ҳимоялаш билан узвий боғлиқдир.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги оилаларнинг аҳволини ўрганиш, оилалар тотувлигини сақлаш, ажримларнинг олдини олиш юзасидан кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.
– Оилаларнинг манфаатларини ҳимоялаш, репродуктив саломатликни сақлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган, – дейди БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Миеко Ябута. – Ташкилотимиз оилалар, хотин-қизларга эътибор қаратиш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган барча эзгу ишларни қўллаб-қувватлайди.
– Қўмита томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, турли ҳудудларда оилалардаги ижтимоий ҳолат, муҳит атрофлича ўрганилмоқда, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг бош мутахассиси Саодат Боймирзаева. – Мулоқотлар жараёнида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, салбий ҳолатларнинг олдини олишда жамоатчилик таъсирини кучайтириш кутилган ижобий натижаларни бермоқда.
Анжуманда маҳалла, таълим масканлари ва оила ҳамкорлигини кучайтириш, оилаларда китобхонлик маданиятини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллалардаги мавжуд комиссиялар фаолиятини жонлантириш ва бошқа масалалар бўйича фикрлар билдирилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.
Манба: ЎзА