Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Uzbek Тigers” жамоаси Кубанинг “Cuba Domadores” жамоаси устидан ғалаба қозонди
2017-05-15 | Спорт
Самарқанд шаҳрида бокс бўйича нуфузли турнир – Бутунжаҳон бокс серияси (WSВ) VII мавсуми чорак финалининг дастлабки баҳсида мамлакатимиз “Uzbek Тigers” жамоаси Кубанинг “Cuba Domadores” жамоаси устидан зафар қучди.
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBA) ҳамкорлигида ташкил этилган турнирнинг бу йилги баҳсларида энг кучли 12 жамоа учта гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашди. Мусобақанинг "С" гуруҳида қатнашган “Uzbek Тigers” жамоаси Хитойнинг "China Dragons", Россиянинг "Patriot boxing team" ва Қозоғистоннинг “Astana Arlans Kazakhstan” жамоалари билан рақобатлашиб, 10 очко тўплаган ҳолда чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Самарқанддаги "Мўъжиза" амфитеатрида ташкил этилган “Uzbek Тigers” ва “Cuba Domadores” жамоалари ўртасидаги чорак финал беллашуви муросасиз баҳсларга бой ўтди.
Мусобақанинг 49 килограмм вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов Оскар Аргилагос Перезни, 56 килограммда Муроджон Аҳмадалиев Хавьер Ибаньес Диазни, 75 килограмм вазнда Исроил Мадримов Арлен Лопез Кардонани мағлубиятга учратди. Ёш боксчиларимиздан Иқболжон Холдоров Энди Круз Гомесга, Санжар Турсунов эса Эрисланди Савонга имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа “Uzbek Тigers” ва “Cuba Domadores” жамоалари ўртасидаги баҳс 3:2 ҳисобида боксчиларимиз фойдасига ҳал бўлди.
– Нуфузли турнирнинг мазкур босқичида амалдаги чемпион жамоани мағлубиятга учратганимиздан хурсандмиз, – дейди Исроил Мадримов. – Ушбу беллашувларга тайёргарлик кўриш жараёнида рақиб жамоанинг ҳар бир боксчиси рингда қандай ҳаракат қилишини кузатдик. Бунинг самарасида муҳим ғалаба қўлга киритилди. Жавоб учрашувида ҳам зафар қучиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Чорак финалнинг жавоб учрашуви 19 май куни Кубада ўтказилади.
– Ўзбекистон WSВ – Бутунжаҳон бокс серияси йўналиши бўйича VII мавсум учрашувларини юқори савияда ташкил этаётганидан мамнунмиз, – деди турнир супервайзери Мария Пиксон (Филиппин). – Бу мамлакатингизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, нуфузли мусобақаларни ўтказиш борасида катта тажриба тўпланганидан далолатдир.