Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Бойсун баҳори" фестивали бошланди
2017-05-14 | Маданият
Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтмоқда.
Фестивалнинг очилиш маросимида мамлакатимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, миллий қадриятларимизни тиклаш, қадимий меросимизни, хусусан, халқ ижоди анъаналарини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бундай эзгу ишлар аждодлардан мерос бўлиб келаётган халқ амалий санъати, халқ оғзаки ижоди сингари номоддий маданий мерос дурдоналарининг ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллашида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё – ана шундай бой ва бетакрор маданий меросга эга воҳалардандир. Бунда Бойсун туманининг моддий ва номоддий маданияти муҳим ўрин тутади. Ноёб қадриятлари, ҳудуд табиатига хос ранг-баранг либослари, достон ва лапарлари, сеҳрли чанқовуз оханглари билан қадимдан машҳур бўлиб келган Бойсун 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. 2002 йил май ойида қатор давлатлардан келган халқ ижрочилари иштирокида биринчи марта “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилди.
Манба: ЎзА