Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги хорижликларни жалб қилмоқда
2017-05-14 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Мамлакатимизнинг турли соҳалари вакиллари Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, Ўзбекистон иқтисодиётига юқори технологиялар ва сармоялар жалб этиш масалаларини муҳокама қилди.
Шавкат Ҳамроев, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари:
– Давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давомида кўплаб соҳаларда истиқболли келишувларга эришилди. Қишлоқ хўжалигида янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича ҳам шартномалар имзоланди.
Хитойлик ҳамкорларимиз билан гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш бўйича қиймати 3 миллиард долларга яқин шартномалар имзоланди. Мазкур маблағлар, хусусан, мамлакатимизда янги насос станцияларини қуриш ва мавжудларини таъмирлашга ажратилади. Жорий этиладиган замонавий технологиялар энергиятежамкор бўлиб, кам харажат талаб қилади, самарадорлиги жуда юқори.
Мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити хорижлик инвесторлар эътиборини жалб қилмоқда.
Ли Цзяньго, «Sinohydro» компанияси раҳбари:
– Ўзбекистонлик ҳамкорларимизнинг Хитойга ташрифидан хурсандмиз. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз жадал ривожланмоқда. Биз мамлакатингизда гидроэнергетика соҳасидаги янги лойиҳалар бўйича ишлаймиз. Бу ўзининг самараларини беришига ишонамиз.
Икки давлат раҳбарларининг учрашуви Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ўзаро манфаатли ва серқирра ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда ишлашимиз учун қулай шароит яратилган. Юртингиздаги бир нечта гидроэлектр станцияларни таъмирлаш ишларида иштирок этганмиз. Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзбекэнерго» компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.
Бугун яна бир қанча янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришдик.
Ихтиёр Фармонов, Бухоро шаҳар ҳокими:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида Бухоро ва Лоян шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларининг ўзига хос ифодаси бўлди.
Хитой билан Ўзбекистоннинг серқирра ҳамкорлиги барча соҳаларда юксак самаралар бериб, халқларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг давлат ташрифи халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Манба: ЎзА