Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир

2017-05-13 | Жамият

Пойтахтимизда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг ўн иккинчи мажлиси иштирокчилари 13 май куни Самарқанд шаҳрига келди. 

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. 

Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва бошқа тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этилди. Меҳмонларга мазкур масканлар тарихи, аждодларимиз маънавий мероси ҳақида атрофлича маълумот берилди. “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси фаолияти билан танишув ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

Дин Сяосин, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси Марказий Осиё бўлими бошлиғи: 

– Ўзбекистон тинчлик ва ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат юритмоқда. Бу дунёнинг барча давлатлари билан, уларнинг ички ишларига аралашмаган ҳолда, тенг манфаатли, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган алоқалардир. Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсат концепциясида бу тамойиллар қатъий белгилаб қўйилган. 

Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ҳаракатлари диққатга сазовор. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илк давлат ташрифлари қўшни мамлакатларга амалга оширилгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. 

Ўзбекистон Президенти шу кунларда Хитой Халқ Республикасида давлат ташрифи билан бўлиб тургани Ўзбекистон – Хитой муносабатларида янги даврни бошлаб беради. Давлат раҳбарлари имзолаган Қўшма баёнот, қатор шартнома ва бошқа ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилади. 

Самарқанд – ғоят гўзал ва мафтункор шаҳар. Бу ерда ўтмиш ва бугун, тарих ва замонавийлик ўзига хос ажиб уйғунлик касб этган. Қадимий обидалар, бир-биридан муҳташам замонавий бинолар, кенг ва равон йўллар, ям-яшил боғ-роғлар ҳар қандай кишини мафтун этади. 

Тамара Гузенкова, Россия стратегик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари: 

– Бугунги глобаллашув даврида ҳеч бир давлат бошқа давлатлар билан фаол ва самарали ташқи сиёсат юритмай барқарор ва муваффақиятли ички сиёсат олиб бориши қийин. Ўзбекистонда ички ва ташқи сиёсат узвий, бир-бирини тўлдирган ҳолда олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бошқа давлатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни янада мустаҳкамлашга кенг йўл очмоқда. Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратаётгани эътиборга сазовор. 

Бугун Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, нефть-газ, автомобилсозлик, замонавий электротехника, енгил саноат ва бошқа соҳаларда барқарор ривожланиш суръатлари яққол намоён бўлмоқда. Самарали ва кўп томонлама ташқи сиёсат мазкур йўналишлар бўйича Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, иқтисодий имкониятларини кенгайтиришнинг муҳим омили бўлмоқда. 

Санат Кушкумбаев, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари: 

– “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси фаолияти Ўзбекистон саноати тараққиётини яққол ифодалайди. Ушбу завод билан танишиб, давлатларимиз ўртасида автомобилсозлик соҳасида ҳамкорлик, яъни Қозоғистонда Ўзбекистон автомобилларини йиғиш ишлари йўлга қўйилаётгани бежиз эмаслигини англадим. 

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқалар янги босқичда давом этаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қозоғистонга ташриф буюргани ва икки давлат раҳбарларининг мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани нафақат қардош халқларимиз, балки бутун минтақа давлатлари манфаатларига хизмат қилади. Тошкентда ўтган форум бу ҳамкорлик алоқаларини ШҲТ доирасида ривожлантириш ва кўламини кенгайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш имконини берди. 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться