Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳамширалик иши истиқболлари

2017-05-12 | Жамият

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳамширалик ишини янада такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

12 май – Халқаро ҳамширалар кунига бағишлаб видеоселектор тарзида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, республика илмий-амалий тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, профессор-ўқитувчилар, пойтахтимиз ва вилоятлардаги клиникаларнинг бош шифокорлари, ҳамширалар иштирок этди. 

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ва бошқалар халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш, аҳолининг замонавий тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланганини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари билан учрашувларида, ҳудудларга сафарлари мобайнида бу борадаги кўрсатма ва топшириқларини ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш мақсадида изчил иш олиб борилмоқда. 

Тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш мақсадида бир қатор дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини юксалтириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, жаҳон тиббиётининг илғор усулларини мукаммал ўзлаштириш ва амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада белгиланган муҳим вазифаларни бажаришда ҳамшираларнинг фаолияти ҳам муҳим ўрин тутади. 

Мамлакатимизда ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш, тиббиёт муассасаларида ҳамширалик ишини халқаро андозаларга мос тарзда ташкил этиш борасида замонавий тизим яратилган. 78 тиббиёт коллежида ёшларга бу йўналишда замонавий андозалар даражасида таълим берилмоқда. Жаҳондаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими яратилган ва бу жараён такомиллаштирилмоқда. 

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтиришда патронаж ҳамшираларнинг фаоллиги ошмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. 

Ушбу қарорда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва туман тиббиёт бирлашмаларида махсус штаблар ташкил этилди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, патронаж хизмати ва профилактик кўрикларнинг сифатини ошириш чоралари кучайтирилмоқда. Пойтахтимиздаги оилавий поликлиникаларга бу йўналишдаги ишларини яхшилаш мақсадида "Damas" автомашиналари топширилди. Қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти такомиллаштирилмоқда. 

– Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади тиббиёт муассасаларининг фаолиятини оқилона ташкил этиш орқали тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтиришдир, – дейди Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси Дилфуза Жуманова. – Бу жараёнда ҳамширалик ишини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бизнинг масъулиятимизни янада оширмоқда. Бугунги кунда биз, ҳамширалар ҳам жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш баробарида, аҳоли билан мулоқот қилишнинг янада таъсирчан усулларини излаб топиш, мурожаатлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. 

Анжуманда аҳолига замонавий тиббий ёрдамни ташкил этишда ҳамширалик ишининг аҳамияти, ўрта тиббиёт ходимларининг тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш, тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини кучайтириш, патронаж хизматини ривожлантириш борасидаги ишларга оид маърузалар тингланди. 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан фаол ҳамширалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

 
Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться