Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фермерларга лизинг асосида техника ва агрегатлар етказиб бериш кенгаяди
2017-05-12 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти матбуот анжумани ўтказди.
"Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Н.Отажонов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатувчи ташкилотларни ривожлантириш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш, машина-трактор парклари амалга ошираётган агротехника ишлари кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Тизим корхоналарида 2017 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 183,2 фоизга етказилган. Хусусан, «Ўзагротехмаш» акциядорлик жамияти корхоналарида 2 минг 600 турли қишлоқ хўжалик техникаси ва агрегатлари ишлаб чиқарилди. "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти эса 2 минг 380 дона техника ва агрегатни лизинг асосида етказиб берди.
"Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти Беларусь, Жанубий Корея, Франция ва бошқа давлатлар тадбиркорлари билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиб, 30 дан ортиқ турдаги янги техника воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мўлжалламоқда. Мутахассисларнинг маълум қилишича, бу жараёнда ем-хашак ўриш, қадоқлаш, озуқани жойида майдалаб, тарқатиш техникалари, дуккакли ва сабзавот экинларини экиш, йиғиш агрегатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Манба: ЎзА