Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди
2017-05-12 | Сиёсат
Пойтахтимиздаги Халқаро пресс-клубда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси ташрифи якунлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн мамлакатимиз парламенти ва ҳукумати аъзолари, вазирлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институти вакиллари билан учрашувларда томонларни қизиқтирган кўплаб масалалар муҳокама қилинганини қайд этди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув жуда самарали бўлгани, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинганини алоҳида таъкидлади.
Бишкек шаҳрида жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий маркази Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилади.
– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда ва бу борада изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди Зайд Раад ал-Ҳусайн. – Кейинги ойларда кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ҳаммаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган.
Олий комиссар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жуда жиддий ва ёрқин дастур эканини алоҳида таъкидлади. Унда БМТ ғоялари, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўз ифодасини топганини қайд этди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Зайд Раад ал-Ҳусайн журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА