Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси 11 май куни Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, буюк муҳаддис маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Самарқанд шаҳрида вилоятдаги миллий маданий марказлар ва диний конфессиялар вакиллари билан учрашув ўтказилди. Тадбирда Самарқанд вилоятида 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-осойишта ҳаёт кечириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани, 10 миллий маданий марказ фаолият кўрсатаётгани ҳақида маълумот берилди.
Барча миллатлар вакилларига ўз тили, урф-одат, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, ривожлантириш учун тенг имкониятлар яратилган. “Сабантўй”, “Масленица” каби байрам ва бошқа миллий маросимлар турли миллатга мансуб аҳоли иштирокида кенг нишонланади. Ушбу тадбирларни ўтказиш учун миллий маданий марказларга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан зарур ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга илк ташрифи фойдали мулоқотларга бой бўлаётгани ва бу ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитининг таъминлангани юртимиздаги тинчлик-осойишталик, барқарор тараққиётнинг асосий омили эканини қайд этди.
Делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, унинг мисолида ушбу ноёб институтнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва роли билан танишди.
Меҳмонларга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, уларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, давлат бошқаруви идораларининг кўплаб ҳуқуқ ва ваколатлари мазкур институтга берилгани ҳақида ушбу маҳалла мисолида сўзлаб берилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар вазифалари, фуқаролар йиғини қошидаги комиссиялар фаолиятига атрофлича тўхталиб ўтилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасида бўлиб, бу ерда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан танишди. Халқ қабулхонасидаги тиббиёт хонаси, она ва бола хонаси ҳамда фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар ибратли тажриба сифатида эътироф этилди. 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ҳамда бундай қабулхоналар фаолиятининг йўлга қўйилгани аҳолининг қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ташриф давомида меҳмонлар Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Ҳазрат Дониёр зиёратгоҳи ва бошқа тарихий обидалар билан танишди. Ушбу масканларга саёҳат чоғида юртимизда аждодларимиздан мерос тарихий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва уларни келгуси авлодларга безавол етказиш, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.
– Ўзбекистонга ташрифим давомида қадимий ва гўзал Самарқандда бўлганимдан жуда бахтиёрман, – деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн. – Дастур тиғиз бўлишига қарамай бир қатор учрашувлар ўтказиш, турли миллатлар вакиллари билан суҳбатлашиш, Халқ қабулхонаси ва маҳалла фаолияти билан танишиш имконига эга бўлдик. Бу тадбирларда кўплаб маълумотлар олдик. Самарқанддаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёрати ҳам бизда катта таассурот қолдирди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ушбу обидаларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бир кунда Самарқанд билан танишиш имконсиз экан. Шунинг учун биз бу бетакрор шаҳарга яна келиш, самимий, меҳмондўст одамлар билан суҳбатимизни давом эттиришни ният қилдик.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА