Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Светофорларни узлуксиз электр энергия таъминлайдиган қурилма ишга туширилди
2017-05-11 | Иқтисодиёт
Фарғона политехника институти олимлари томонидан яратилган светофор тизимини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб турувчи электрон қурилма амалиётга жорий этилди.
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, илғор илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнига кенг татбиқ этиш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини юксалтириш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрда мамлакатимиз илм-фанининг етакчи намояндалари билан учрашувда фан, таълим, ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ва узвий боғлиқликни янада кучайтириш, мавжуд илғор ишланмаларни амалиётга йўналтириш, таълим, кадрлар тайёрлаш соҳаларини бугунги давр талаби даражасида ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Фарғона вилоятидаги олий ўқув юртларида ҳам мазкур йўналишда салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Олим ва илмий ходимлар томонидан яратилган кўплаб ишланма ва инновацион технологиялар амалиётга татбиқ этилаётир.
Бугун юртимизнинг қайси шаҳрига борманг, кенг ва равон йўллар, обод кўчалардан дил яйрайди. Чорраҳаларга замонавий светофорлар ўрнатилиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, умумфойдаланувда бўлган автомобиль йўлларида ҳаракатланиш тизимини тартибга солишда қулайликлар яратилган.
Аммо баъзан электр энергиясининг узилиб қолиши натижасида светофорлар ишламаслиги йўлда тирбандлик ҳосил бўлишига олиб келарди. Қизил чироқнинг яшилга, яшилнинг сариқ чироққа ҳеч бир огоҳлантиришсиз ўтиб кетиши ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирарди. Бундай камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Фарғона политехника институтининг бир гуруҳ олимлари янги лойиҳа ишлаб чиқди. Ер усти транспорти тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси кафедраси мудири Маҳмуджон Турдиев ва катта илмий ходимлар Умиджон Рустамов, Аброр Тожибоев ҳамкорлигида яратилган светофор тизимини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб турувчи электрон қурилма амалиётга жорий этилиши соҳада янгилик бўлди.
– Қурилма электрон аккумулятор ва электр қутисидан ташкил топган, – дейди М.Турдиев. – Электр токи паст кучланишда бўлганда ёки узилиб қолганда доимий ўзида йиғилган энергия билан таъминлайди.
Дастлаб қурилма вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида Фарғона шаҳар Ватанпарвар кўчаси чорраҳасидаги светофорга қўйилиб, синовдан ўтказилди. Ҳеч қандай камчиликлар аниқланмагач, Аҳмад Фарғоний, Аэропорт, Мустақиллик, Баҳор кўчалари чорраҳасидаги светофорларга қўйилиши белгиланди.
– Ушбу қурилма йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳузуридаги ихтисослаштирилган ўрнатиш ва фойдаланиш бўлими бошлиғи Дилмурод Мамазиёев. – Жараённи назорат қилиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди. Чорраҳаларга ўрнатилган светофорларни электр тармоғидаги узилишлар вақтида энергия билан таъминлаш бўйича бажарилган ишлар юзасидан кунлик ҳисобот топширилмоқда. Йил якунига қадар 214 чорраҳадаги светофорлар қурилма билан таъминланиши режалаштирилган.
Манба: ЎзА