Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вилоят ҳокими шифокорлар билан учрашди
2017-05-11 | Жамият
Вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокимининг тиббиёт ходимлари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
– Президентимиз тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратмокдалар. Дори-дармонларнинг арзонлашуви, вилоятларда республика илмий марказлари филиалларининг очилаётганлиги ва яна кўп бу борадаги саъй-ҳаракатларни барчамиз кўриб турибмиз. Оқ халат поклик рамзи. Ораларингизда билимли, тажрибали, жуда кўп беморларни даволаб олқиш олган шифокорлар кўп, – деди учрашувда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. – Сизлар билан учрашишимиздан мақсад ошкора мулоқот қилиш, иш фаолиятингиздаги, муаммолар ҳақида очиқ суҳбатлашиш, камчиликларингизни юзингизга айтиш. Бизга келаётган маълумотларга қараганда тиббиёт ходимлари орасида гуруҳбозлик кучайган.
Тизимда авж олиб кетган коррупция, давлат мулкини талон-тарож қилиш, сифатли медицина хизматини кўрсатмаслик, айниқса, айрим қўштирноқ ичидаги шифокорларнинг ўз қасамларини очикдан-очиқ бузаётганликлари барчани ташвишга солмоқда, фуқароларимизнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмокда.
Халқ шифокорларни яхши кўради, деди нотиқ. Сизлардан даво топса, албатта, ҳурматингизни жойига қўйишга интилади. Бу ҳурматни суиистеъмол қилмаслик керак. Минг афсуски, ораларингизда шифокор деган шарафли номга доғ тушираётганлар бор. Тўғри, соҳада баъзи мутахассисларнинг етишмасли ҳам сир эмас. Биз бу йилги тиббиёт олийгоҳларни битираётган фарзандларимизни вилоятимизда барча шароитларни яратиб, ишга олиб келамиз. Ўқишга кираётган йигит-қизлар учун квоталар сўраймиз. Яхши мутахассисларимизнинг кетиб қолишига йўл қўймайлик. Шифокорларнинг малакасини ошириш учун қайғурайлик. Ёмонни яхши қилишга интилиш керак. Биз шунинг учун ҳам раҳбармиз. Бугунги йиғилишдан сўнг барчангиз ўзингизга керакли хулосаларни чиқариб олишларингизга ишонамиз.
Йиғилишда сўзга чиққан вилоят прокурори Шерзод Облақулов ўз маърузасида қуйидагиларни баён қилди:
– Ўтган давр мобайнида вилоят прокуратураси органлари томонидан мазкур соҳадаги қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар ва назорат тадбирлари давомида 12 нафардан ошиқ мансабдор шахслар қонуннинг бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилди, 145 нафар шахс интизомий ҳамда 54 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Қонун бузилиши ҳолатларининг содир этилишига имкон бергани сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида 34 та такдимномалар киритилди. 12 та жиноят иши қўзғатилди, 20 нафар шахсларга нисбатан суд ҳукмлари билан тегишли жазолар белгиланди.
Маърузада шифокорларнинг ўз вазифаларини талаб даражасида бажармаслиги бевақт ўлимларга сабаб бўлаётгани, болалар ўлими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 тага кўпайганлиги, потранаж ва скрининг хизмати яхши йўлга қўйилмаганлиги, ҚВПлар, тез тиббий ёрдам хизматидаги нуқсонлар кўрсатиб ўтилди.
Шундан сўнг йиғилганларга республика телевидениесида кўрсатилган “Давр савдоси” деб номланган кўрсатув намойиш этилди. Унда пойтахт шифохоналаридаги таъмагирликлар, порахўрликлар, шифокорларнинг беморларга қўпол муомаласи танқид остига олинган эди.
– Бизнинг фаолиятимизга билдирилган фикрлар тўғри ва ўринли. Аввало ўзимизнинг қўлимиз тоза бўлиши, қўл остимизда ишлаётганларга нисбатан ўрнак бўлишимиз лозим. Тизимимизда бошқа жойларда бўлганидек “Жамоатчилик кенгашлари” тузсак. Сал йўлдан адашаётганларни аввало ўзимиз тарбияласак. Барча муаммоларни шу кенгашда муҳокама қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди, – деди шифокорлар номидан сўзга чиққан врачлар ассосацияси раиси Ботир Мирзаев.
Машаққатли ва шарафли бу касбни эъзозлаб келаётган, ўз вазифасига сидқидилдан ёндашаётган тиббиёт ходимларини рейтинг даражасига мос ҳолда мукофотлаб бориш таклифини берди ва 6у борада махсус Низом ишлаб чиқишни мутасаддиларга юклади.
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги