Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳоли, айниқса Касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди
2017-05-11 | Жамият
2017 йил 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Мазкур қарорга асосан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини оширишдаги иш натижалари учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тизими жорий этилади.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари учун лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига эса лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади.
Бу йўналишда салбий кўрсаткичлар қайд этилган тақдирда уларга лавозим маошларининг тегишли миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланиши белгиланди.
Қайд этиш лозимки, масъул раҳбарлар узлуксиз икки чорак ёки йил давомида уч чоракда прогноз кўрсаткичларини бажармаган тақдирида уларнинг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари қониқарсиз деб топилиши ва эгаллаб турган лавозимларига нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигидаги махсус Комиссия томонидан амалга оширилади.
Мувофиқлаштириш бўйича Комиссия ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан прогноз кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимида бажарилиши тўғрисида киритилган маълумотлари асосида ўрганиб боради.
Шунингдек, мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида 2017 йилнинг III ва IV чорагида аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
2018 йилдан бошлаб эса аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари республикамиз ҳудудлари кесимида ҳар чорак бўйича тақсимланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланади, аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари шаҳар ва туманлар кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги аҳоли бандлиги манзилли ҳудудий дастурларига киритилиши белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги