Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германиялик сиёсатчи Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади ва ўзбекистонлик тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдирди
2017-05-11 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Саксония федерал ери (ГФР) парламенти раиси, доктор Маттиас Рёсслердан мактуб келди. У сиёсий масалалар, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича эксперт сифатида Ўзбекистонга бир неча маротаба ташриф буюрган.
Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун мамлакатга навбатдаги ташрифи доирасида Шаҳрисабз шаҳрида Наврўз айёмини нишонлаш тадбирларида сиёсатчининг тоби қочиб қолди. Қашқадарё вилояти тиббиёт соҳаси вакиллари беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатди. Маттиас Рёсслернинг ёзишича, у «Шаҳрисабздан Самарқандгача, Самарқанд орқали Тошкентгача бўлган йўлда самимий эътибор ва ғамхўрлик оғушида» бўлган. Меҳмон Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ўз соғлиғини тиклади. Сиёсатчи ушбу марказдаги «Нафақат юқори сифатли даволаш амалиётларини, балки бутун тиббиёт ходимларининг ўз ишига масъулият билан ёндашгани ҳамда чин юракдан ёрдам беришгани»ни эътироф этган.
М. Рёсслер ўзининг миннатдорлик мактубида шунга ишонч билдирганки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан дастуриламал ҳужжат — Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Немис сиёсатчиси мамлакатда туризмни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг буюк маданий меросини асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам юксак баҳо берди.
«Ўзбекистон Марказий Осиёда бутун минтақага, вазиятга таъсир кўрсатадиган муҳим давлат ҳисобланади», — деди у.
М. Рёсслер мактуб хотимасида Ўзбекистон Президенти девони ходимларига, ЎзЭОАВМА раҳбариятига, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимиятларига, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига кўрсатилган ёрдам, самимий ғамхўрлик ҳамда юқори малакали тиббий хизмат учун миннатдорлик билдирган. У ўзи учун қийин бир шароитда кўрсатилган ёрдам мамлакатга нисбатан илиқ таассуротларни, миннатдорлик туйғусини уйғотишини қайд этган.
«Ҳурматли жаноб Президент, — деб ёзади сиёсатчи. — Сиз орқали мураккаб вазиятда менга ёрдам берган барчага ўз миннатдорлигимни билдиришга ижозат бергайсиз».
М. Рёсслер улкан муваффақият ва зафарлар тилаб, икки мамлакат ўртасида дўстона алоқаларни янада кенгайтириш учун барча саъй-ҳаракатини йўналтиришини маълум қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги