Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чуст туманида 12 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи нишонланди
2017-05-11 | Жамият
Наманган вилояти Чуст туманидаги “Паризод” тантаналар мажмуасида Тўрақўрғон, Поп, Чуст туманларидан 12 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи тантанали нишонланди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилган тантанада Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Captiva” машиналарида келган келин-куёвларни мажмуа хиёбонида тўпланган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар ва оила қураётганларнинг ота-оналари, қавм-қариндошлари карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.
– Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган бундай тўйлар миллий қадриятларимиз бардавомлигини, халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатларини намоён этмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси И.Нажмиддинов. – Меҳр-мурувватдан яралаётган янги оилалар ота-боболармиздан мерос эзгу фазилатларни улуғлаши, аҳил ва тотув оила қуриб, Ватанимизга ва халқимизга муносиб фарзандлар тарбиялашига ишонамиз.
Маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида оила қураётган ёшларга уй-жойларини таъмирлаш, тиббий кўрикдан ўтиш ва никоҳни расмийлаштиришда имтиёзлар берилаётганидан келин-куёвлар ва уларнинг яқинлари ғоят мамнун.
– Ўғлим Суннатилла отадан етим қолганида 12 ёшда эди, – дейди чустлик Р.Тўхтаева. – Тақдир экан, 4 болани ўзим катта қилдим. Қийналган вақтларимда қариндош-уруғ, маҳалла-кўй ёрдам берди. Бугун Президентимизнинг ғамхўрлигидан, вилоятимиз раҳбарлари, саховатли ҳомийларнинг меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлиб турибмиз. Биринчи ўғлимнинг тўйи бундай катта тантана билан ўтишини орзу ҳам қилмагандим. Давлатимиз раҳбаридан, ҳукуматимиздан, бу хайрли ишга бош қўшган барча саховатли инсонлардан бир умр миннатдорман.
Тўй маросимида келин-куёвларга янги оиланинг ҳужжати – никоҳ гувоҳномаси, Президентимиз совғаси – мебеллар тўплами ва маиший техника жиҳозлари тантанали равишда топширилди.
Тўйхона пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар ва ёш хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар билан завқу шавққа тўлди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Манба: ЎзА