Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси делегациясининг учрашувлари
2017-05-10 | Сиёсат
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси делегацияси 10 май куни мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов билан учрашувда Ўзбекистон ва БМТ институтлари, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида томонларда ўзаро қизиқиш мавжудлиги қайд этилди. Учрашувда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ўтган учрашувда ушбу марказ директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Муҳаммадиев иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос экани, унда инсонларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари кафолати белгилаб қўйилгани таъкидланди.
1995 йилда мамлакатимизда Омбудсман лавозими жорий этилди. У инсон ҳуқуқларига оид масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича кўплаб ваколатларга, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ўз вакилларига эга. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва бошқа ташкилотлар фаолияти соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов баён этган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ қабул қилинган қонун ҳужжатлари инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада мустаҳкамлади.
2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Одамларнинг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу мақсадда 2016 йил 28 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга мувофиқ жойларда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Учрашувда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Делегация аъзоларига мамлакатимизда оналар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашувда БМТ ва Ўзбекистон ўртасида тенг ҳуқуқлиликка асосланган ҳамкорликка 2017 йил 2 мартда 25 йил тўлгани ўзига хос тарихий сана экани алоҳида таъкидланди. Ўтган йилларда Ўзбекистон ва БМТ турли йўналишларда, жумладан, инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида ҳамкорликда самарали қўшма лойиҳаларни амалга оширди. Бу жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаол иштирок этмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси асосида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилаётгани эътиборга лойиқ эканини таъкидлади. Мамлакатимизда сиёсий партияларнинг роли кучаяётгани ижобий ҳолат эканини қайд этиб, мамлакат ривожида парламент муҳим ўрин тутиши, бу тизимнинг ролини оширишга қаратилган механизм мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ғозиев, адлия вазири М.Икромов, Бош прокурор И.Абдуллаев, ички ишлар вазири А.Азизов билан учрашувларда Ўзбекистон билан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувларда Ўзбекистонда барча соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошчилигидаги делегация иштирокида "Тараққиёт стратегияси" марказида "Инсон ҳуқуқлари ва ўзаро ҳамкорлик" мавзуида фуқаролик форуми ўтказилди. Унда мамлакатимизда фаолият юритаётган элликка яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга ташрифидан кўзланган асосий мақсад ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат эканини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган бошқа олий қадриятларни ҳимоя қилишга оид масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирлар ижросида нодавлат нотижорат ташкилотлари иштироки, коррупцияга қарши курашиш, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш конвенциясини ратификация қилиш бўйича жамоат ташкилотлари ташаббуси каби қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Манба: ЎзА