Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Совутиш тизимининг самарадорлиги ошмоқда
2017-05-10 | Жамият
Пойтахтимизда «Табиий хладагентлардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш» мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар-тренинг Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Глобал экологик жамғарма ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда хорижий экспертлар, тармоқ мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Хлорфторуглерод ва гидрохлорфторуглерод моддалари озон қатламини емириш қобилиятига эга. Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси, Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси ҳамда унинг тўртта қўшимчасига мувофиқ, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда хлорфторуглероднинг истеъмоли тўхтатилган. Гидрохлорфторуглероднинг истеъмоли эса ривожланган давлатларда 2020 йилгача, ривожланаётган мамлакатларда 2030 йилгача тўхтатилиши белгиланган.
Мамлакатимизда гидрохлорфторуглеродлардан фойдаланишни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар 2020 йилгача ушбу зарарли модданинг атмосферага чиқарилишини 99,5 фоизга камайтиришни кўзда тутади. 2030 йилга бориб унинг истеъмоли батамом тўхтатилиши зарур.
– Аммиак, карбонат ангидрид ва углевод сингари табиий совутиш агентларини қўллаш нафақат совутиш тизимининг самарадорлигини оширади, балки энергияни тежайди, атроф-муҳитга камроқ зиён етказади, – дейди Германиянинг HEAT GmbH мустақил консалтинг фирмаси консультанти Денис Ҳюрен. – Семинар-тренинг давомида ўзбекистонлик мутахассислар билан совутиш соҳасида қўлланиладиган норма ва стандартлар борасида тажриба алмашдик.
Семинар-тренингда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари, дунёда озонни емирувчи моддаларни босқичма-босқич камайтириш масалалари муҳокама этилди. Иштирокчилар озон қатламига зарар етказмайдиган ҳамда глобал исиш салоҳияти паст бўлган муқобил совутиш агентларининг хусусиятлари билан батафсил танишди.
Совутиш техникасининг асосий принциплари, табиий совутиш агентларининг хусусиятлари, хавфсизлик нормалари, қоидалари ва тартиблари, ускуналарни ўрнатиш, ишга тушириш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш каби масалалар хусусида фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Манба: ЎзА