Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Эл-юртга садоқат билан хизмат қилиш – асосий бурчимиздир

2017-05-06 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 6 май куни Яшнобод туманида бўлди. 
 

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пойтахтимизни келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича ўз дастурини тақдим қилган ва бу борада аниқ таклифлар илгари сурган эди. 

Дунё бозорида рақобатбардош саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш, замонавий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, кўп хонадонли арзон уй-жойлар қуриш, тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва улар ҳудудини ободонлаштириш, шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви ва оқова сув хизматлари билан таъминлаш, экология ва санитария муҳитини яхшилаш, метро, автомобиль йўллари ва кўприклар қурилишини давом эттириш, профилактика инспекторлари институтини мустаҳкамлаш, аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш, дори-дармонларга нарх белгилашни тартибга солиш. Бу масалалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда айтилган режа ва тадбирларнинг бир қисми. 

Ўтган вақт мобайнида юқорида санаб ўтилган масалаларнинг барчаси бўйича фармон, қарор ва бошқа тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси изчил таъминланмоқда. 

Давлатимиз раҳбари дастлаб Ойбек кўчасидаги кўп қаватли уйларда ишга туширилган замонавий, энергиятежамкор технологияларни бориб кўрди. 

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан узлуксиз таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 апрелдаги “2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда. 

Ушбу қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини янгилаш ва модернизация қилиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларида локал иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланган. 

Пойтахтимиздаги марказлашган иссиқлик таъминоти тизими ускуналари ва тармоқлар техник ва маънавий эскиргани, марказий қозонхоналар истеъмолчилардан узоқ жойлашгани сабабли иссиқлик етказиб беришда айрим муаммолар юзага келмоқда. 

Президентимиз қарорига асосан пойтахтимиз туманларида замонавий қозонхоналар қуриш, қуёш энергияси билан сувни иситадиган гелиоқурилмалар негизида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, жорий йилда пойтахтимизда 211, жумладан, кўп қаватли уйлар том қисмида 134, мавзелар ҳудудида 77 қозонхона қурилади. Ушбу мақсадлар учун сарфланадиган 170 миллиард сўм маблағ тижорат банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади. 

Ойбек кўчасидаги 40- ва 42-уйларда ишга туширилган қозонхоналар гелио сув иситгичлари билан жиҳозланган. Бу қозонхона анъанавий марказлашган иситиш тизимига қараганда бирмунча афзалликларга эга. Қозонхонада замонавий технология асосида қуёш нуридан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, сув хонадонларга тақсимланади. Бу табиий газни тежаш, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришда йўқотишлар ва авария ҳолатларининг олдини олиш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш имконини беради. 

Қозонхонада соатига 416 киловатт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 460 миллион сўм бўлиб, харажатлар “Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси ҳисобидан қопланган. Уй юқорисидаги техник қаватда қозонхона, томда қуёш коллекторлари ўрнатилган. 

Қуёш сув иситгичлари экологик тозалиги, кўп хизмат талаб этмаслиги ва узоқ муддат фойдаланиш мумкинлиги билан ажралиб туради. Бундай технологиялар нафақат қуёшли, балки булутли кунларда ҳам энергия ишлаб чиқара олади. 

Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун қулай шарт-шароит яратишдир, деди Президентимиз. Коммунал соҳани янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун қуёш энергияси асосида ишлайдиган иссиқлик энергияси тизимига ўтишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Тошкент шаҳрида келгуси уч йилга мўлжалланган алоҳида тизим ишлаб чиқилади. Бу тизим қуёш энергияси ёрдамида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқ сув ва энергия билан узлуксиз таъминлаш, энергия ресурсларини тежаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Давлатимиз раҳбари гелиоқурилмалар ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотлари билан танишди.

Қозонхоналар қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, малакали мутахассисларни жалб этиш борасида зарур кўрсатмалар берилди. 

Шавкат Мирзиёев «Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳудудлар иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, халқимизнинг турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун ҳар бир ҳудуднинг табиий, минерал-хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туристик ва меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

«Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятининг умумий ер майдони 12 гектардан зиёд, бино ва иншоотлар майдони 4,5 гектар. Бу ерда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур инфратузилма, тайёр имконият мавжуд. Бу салоҳиятдан фойдаланиш мақсадида жамият ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган. 

Президентимиз бу ердаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, завод биноларини ишбилармон ва тадбиркорларга имтиёзли асосда бериш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. 

Шу ернинг ўзида Яшнобод туманида амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Туманда саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилган. 

Яшнободда қайси йўналишларга эҳтиёж кўплигидан келиб чиқиб алоҳида тизим яратиш керак. Бизнес-инкубаторлар ташкил этиш орқали одамларнинг ишончини ошириш, дунёқарашини ўзгартириш, тадбиркорликка жалб этиш лозим. Бозорни ўрганиб, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий фикрлайдиган ёшларга кенг имконият бериш зарур, деди Шавкат Мирзиёев. 

Тижорат банклари кўмагида туманда дори ва тиббиёт воситалари, махсус кийимлар, қоғоз, ламинат панеллар, ёғ ва ем маҳсулотлари, травертин ва мармар плиталар, сим ўрамлари ишлаб чиқариш, кўнгилочар масканлар, замонавий бозор ва хусусий клиника ташкил этиш режалаштирилган. 

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларнинг ташаббускори бўлган тадбиркор ва инвесторлар билан суҳбатлашди. Режаларни ўз вақтида амалга ошириш, ишбилармонларга қўшимча имтиёзлар яратиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Президентимиз кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага кирди. 

Давлатимиз раҳбари поликлиниканинг иш тартиби билан қизиқди. Тиббиёт муассасасининг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди. 

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади. 

Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бир неча маротаба учрашиб, бирламчи тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Соҳа ривожига қаратилган бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди, уларнинг ижроси изчиллик билан таъминланмоқда. 

32-оилавий поликлиника 27 минг 300 га яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Болалар ва туғиш ёшидаги аёллар, кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиздаги ҳар бир поликлиникага тез тиббий ёрдам машиналари ажратилди. 32-оилавий поликлиникада ҳам тез тиббий ёрдам пункти фаолияти йўлга қўйилмоқда. 

Президентимиз шу ерда маҳалла аҳолиси билан мулоқотда бўлди. 

Ўзбекистонда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш жадал суръатда ривожланаётир. Бу борада, айниқса, электр техника саноати юқори натижаларга эришмоқда. Тармоққа катта ҳажмдаги инвестициялар жалб этилган ҳолда янги-янги корхоналар ташкил қилинмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу корхоналарда экспортбоп истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. 

Бугунги кунда “Artel” бренди остида музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси, газ плитаси, кондиционер, микротўлқинли печь, чангютгич, қўл телефони каби энг сўнгги русумдаги маиший техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Маҳсулотлар тури, сифати ва ишчи ўринлари билан қизиқди. 

“Artel” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Президентимиз кўргазма билан танишиб, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди. 

Шу ерда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқотнинг муҳим тизимига айлангани, турли масалаларга ўз вақтида ечим топилиб, одамларни рози қилаётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди. Аҳолига барча зарур шароитлар яратиш, коммуникация тизимларини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

 
Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться