Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тараққиётимизнинг муҳим омили
2015-03-06 | Жамият
Тошкентда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва давлат мулки улуши мавжуд корхоналарни хусусийлаштириш масаласига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда манфаатдор вазирлик, идора, ташкилот ва компаниялар вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Даврон Ҳидоятов, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жа ва бошқалар Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан давлат мулкини хусусийлаштириш борасида амалга ошириб келинаётган вазифалар иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бугунги кунда иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги, савдо каби кўплаб тармоқлари ва барча хизмат турлари хусусий мулк соҳасига тўлиқ берилган. Халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқараётган тўқимачилик, трикотаж, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва мебель саноати, шунингдек, уй-жой секторида давлат мулки улуши кескин камайтирилди.
Мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида иқтисодиётимизда давлат иштирокини қисқартириш ва корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ҳамда ёндашувларни тубдан ўзгартириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, бу борадаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ишларини янада кенгайтирмоқда. Айни пайтда корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш борасида корпоратив менежментнинг замонавий услубларини жорий қилиш, бошқарув ходимларининг касб маҳорати ва салоҳиятини ошириш, юқори малакали чет эллик менежерларни жалб этиш, хусусий мулк, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, корхоналар фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилашда уларнинг ролини оширишни кўзда тутадиган дастурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётир.
Шу билан бирга, реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида давлат иштирокини тубдан қисқартиришни назарда тутадиган 2015-2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича дастур ҳам ишлаб чиқилмоқда.
– Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор ривожланишини рағбатлантириш дунёнинг аксарият давлатларида долзарб вазифадир, – дейди Вена молиявий ҳисобдорлик тизимини ислоҳ қилиш маркази раҳбари Анри Фортин. – Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича пухта ўйланган стратегиянинг амалга оширилаётгани ва менежерларнинг пухта билимга эга экани ушбу жараёнлар муваффақиятини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Халқаро экспертлар мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий секторнинг улушини ошириш, фермерлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон улкан инвестиция салоҳиятига эга эканини таъкидлади. БМТнинг баҳосига кўра, Ўзбекистон бизнесни юритишни енгиллаштириш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами бўйича жаҳондаги дастлабки ўнта давлат қаторидан ўрин олгани ҳам буни яққол тасдиқлайди.
Давра суҳбатида давлат мулки улуши мавжуд корхоналарни бошқаришни ва ушбу соҳадаги халқаро стандартларни такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Тадбир иштирокчилари Жанубий Корея, Германия ва Малайзиянинг корпоратив бошқарувни такомиллаштиришга доир тажрибаси билан таништирилди.
Манба: ЎзА