Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев “Artel” заводига ташриф буюрди
2017-05-06 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувида Тошкент шаҳрини келгуси беш йилда янада ривожлантириш бўйича ўз дастурини баён қилиб, пойтахтимизни ривожланган мегаполисга айлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирган эди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг қатор туманларига бориб, ҳудудларни ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишди. Маҳаллаларда бўлиб, халқ билан мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев 6 май куни Яшнобод туманига ташриф буюриб, пойтахтимиз ва бутун мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган йирик лойиҳалар тақдимотларида иштирок этмоқда.
Навбатдаги манзил тумандаги “Artel” заводи бўлди.
Ўзбекистонда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш жадал суръатда ривожланаётир. Бу борада, айниқса, электр техника саноати юқори натижаларга эришмоқда. Тармоққа катта ҳажмдаги инвестициялар жалб этилган ҳолда янги-янги корхоналар ташкил қилинмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу корхоналарда экспортбоп истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Бугунги кунда “Artel” бренди остида музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси, газ плитаси, кондиционер, микротўлқинли печь, чанг ютгич, қўл телефони каби энг сўнгги русумдаги маиший техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимиз заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Маҳсулотлар тури, сифати ва ишчи ўринлари билан қизиқди.
Электротехника саноатини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор мамлакатимизда юқори технологияларга асосланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириб, иқтисодиётимизни дунё саноатининг истиқболли тармоқларидан бирида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда. Ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси самарасида халқимиз турмуши фаровонлашиб, даромади ортиб бораётир.
Шу ерда “Artel” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
Президентимиз кўргазма билан танишиб, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.
Манба: ЎзА