Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
2017-05-05 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, божхона соҳасида улар дуч келаётган муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Режапов ва бошқалар мамлакатимизда самарали божхона назоратини йўлга қўйиш, ишбилармонларга кенг шароит яратиш, ички бозорни ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Очиқ мулоқотда ишбилармонлар манфаатларини таъминлаш, уларнинг тўлақонли фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда тадбиркорлар экспорт шартномалари тўғрисидаги маълумотларни электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этилган «Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими» орқали киритмокда. Божхона қўмитаси томонидан 22 турдаги интерактив хизмат амалиётга жорий этилган.
– Мазкур қулайликлар экспорт жараёнини тезлаштирмоқда, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ тартибларни янада соддалаштирмоқда, – дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Нодир Салимжонов. – Буларнинг бари тадбиркорнинг вақти ва харажатлари қисқаришига хизмат қилади. Бу қулайликлардан тадбиркорларимиз унумли фойдаланмоқда. Лекин ўтказилган мулоқотда шуни билдикки, тадбиркорлар фаолиятида баъзи муаммолар ҳали ҳам бор. Бу муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича ишлар амалга оширилади.
Тадбирда таъкидланганидек, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг божхона қонунчилигини мукаммал билиши, мазкур соҳада қабул қилинаётган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда тўғри қўллай олиши ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ишини енгиллаштиришга ижобий таъсир кўрсатади ва ўз навбатида божхона тизимида хато ва камчиликларнинг камайишига хизмат қилади, божхона тўловларининг тўғри ва тўлиқ ундирилишини таъминлайди.
Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 120-76-71 рақамли «ишонч телефони»нинг йўлга қўйилганлиги қайд этилди. Очиқ мулоқотда тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммолар ва таклифларни баён қилиб, улар бўйича мутахассислардан тегишли жавоб олди.
Манба: ЎзА