Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳуқуқий билим – муҳим омил
2015-03-06 | Жамият
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг демократик тамойиллар асосида юқори савияда ўтишини таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий тайёргарлик тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ўтказилган навбатдаги семинар-тренинг участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимини янада юксалтириш, участка сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этиш масаласига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси аъзолари, жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тенглик, очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида пухта тайёргарлик кўрилаётгани таъкидланди.
– Мамлакатимизда яратилган миллий қонунчилигимиз бўлажак сайловнинг ҳар томонлама юксак савияда ташкил этилишини таъминлайди, – дейди 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Ғ.Ортиқов. – Бунда сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллиги билан бирга, участка сайлов комиссияси аъзоларининг масъулияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Вилоятда 651 сайлов участкаси тузилган ва улар ушбу сиёсий жараёнга шай қилиб қўйилди. Мазкур семинарда участка сайлов комиссиялари аъзолари бу борадаги билимини бойитиб, ўзаро тажриба алмашдилар.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси А.Тўрахўжаев ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича ҳуқуқий асослар, участка сайлов комиссиялари иш фаолиятини молиялаштириш, овоз бериш, муддатидан олдин овоз бериш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қонуний тизимни тушунтириш, сайлов жараёнида халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг ўрни мавзуларида маърузалари тингланди.
Манба: ЎзА