Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини бериш тўғрисида

2017-05-04 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорининг бажарилишини таъминлаш ҳамда аэропорт инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида замонавий талабларга мувофиқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида: 

1. "Тошкент" халқаро аэропорти" давлат унитар корхонасига Ислом Каримов номи берилсин. 

2. Тошкент халқаро аэропорти инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг ҳар томонлама тайёрланишини ва асосланишини таъминлаш мақсадида иловага мувофиқ таркибда Махсус комиссия ташкил этилсин. 

3. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган Комплекс чора-тадбирлар дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун тақдим этсин: 

режим-қўриқлаш чора-тадбирлари тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, аэропортда замонавий, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига йўловчиларнинг божхона, чегара ва иммиграция тартиботларидан ўтиш вақтини қисқартириш; 

мавжуд таркибни танқидий таҳлил қилиш ҳамда божхона, чегара ва иммиграция хизматлари, ички ишлар органлари ва аэропортда хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ходимлари барча тоифаларини танлашга нисбатан талабчанликни ошириш, улар томонидан хизмат ваколатларининг ҳар қандай тарзда суиистеъмол қилинишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш; 

пойтахтга ва республикага келадиган йўловчилар, меҳмонлар ва хорижий делегацияларга хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини таъминлаш, Ўзбекистоннинг бош ҳаво бандаргоҳида ўзбек халқига қадимдан хос бўлган самимий илтифот ва меҳмондўстлик муҳитини яратиш; 

зарур қулай шарт-шароитларни яратишни назарда тутган ҳолда аэропортнинг тегишли инфратузилма хизматлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг багажи билан ишлашнинг технологик жараёнини оптималлаштириш; 

кузатиб қолувчилар ва кутиб олувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, махсус ажратилган ҳудудда автотранспортлар тўхташ жойларини ташкил этиш, ободонлаштириш масалаларини комплекс ҳал этиш; 

аэропортнинг барча хизматлари фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш, шунингдек, йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг янада қулай шарт-шароитларини яратиш учун илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш. 

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. 




Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ 
 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 4 май 

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 4 майдаги
ПҚ-2950-сон қарорига илова

 

Тошкент халқаро аэропорти инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича Махсус комиссия таркиби
 
Арипов А.Н. – Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Комиссия раиси 
 
Раматов А.Ж. – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари 
 
Комиссия аъзолари: 

Тян В.Н. – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг бош директори 

Азизов А.А. – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири 

Комилов А.Х. – Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири 

Хўжаев Б.А. – Ўзбекистон Республикаси молия вазири 

Ғаниев Э.М. – Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири 

Муратов М.М. – Ўзбекистон Республикаси маданият вазири 

Эминжанов Р.О. – Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари – чегара қўшинлари қўмондони 

Тохирий В.М. – Давлат божхона қўмитаси раиси 

Шарапов А.К. – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси 

Усманов Р.Ж. – Тошкент шаҳри ҳокими 

Махкамов И.Р. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментининг мудири, комиссия котиби 

Манба: ЎзА

Поделиться