Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

"Шум бола" кинофестивали

2017-05-04 | Маданият

Алишер Навоий номидаги Кино саройида немис ва ўзбек киноижодкорлари ҳамкорлигида «Шум бола» кинофестивали ўтказилмоқда. 

«Ўзбеккино» миллий агентлиги, Тошкентдаги Гёте институти, «Шлингель» халқаро кинофестивали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида икки давлат киноижодкорлари томонидан суратга олинган 8 та фильм намойиш этилади. 

«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О.Мусаев, «Шлингель» халқаро кинофестивали директори М.Харбауер ва бошқалар Ўзбекистон – Германия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори санъат ва маданият, хусусан, кинематография йўналишида ҳам изчил тараққий этиб бораётганини таъкидлади. 

Ҳамкорлик самарасини Ўзбекистон ва Германияда ўтказилаётган турли маданий тадбир ва фестивалларда намойиш этилаётган кинематография соҳасининг энг сара асарлари, фольклор жамоалари, фото ва тасвирий санъат усталарининг ижод намуналарида кўриш мумкин. 

– Ўзбек киноленталарини мароқ билан томоша қиламан, – дейди Германиянинг "Кўз даражасида" фильми продюсери Александра Прохазка. – Яқинда режиссёр Акбар Бектурдиевнинг "Ойқиз эртаги" фильмини кўрдим. Ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган мазкур картинада ўзбек халқининг миллий урф-одатлари, қадрият ва анъаналари моҳирона тасвирланган. Ушбу фильмда бош қаҳрамон ролини ўйнаган актриса Юлдуз Ражабованинг ижроси қалбимни ларзага солди, самимий, бағрикенг ва олижаноб халқингизга бўлган меҳримни янада оширди. Бу йил Ўзбекистонда тўртинчи маротаба Германия киноси кунлари ташкил этилмоқда. Барча фильмларимизнинг режиссёри, продюсери, сценарий муаллифлари мамлакатингизга келган, улар келгусида бундай маданий тадбирлар, фестивалларни янада кўпайтириш, ҳамкорликда фильмлар суратга олиш ниятида. 

Фестиваль доирасида германиялик киноижодкорларнинг «Кўз даражасида», «Ажойиб ўрдак», «Менинг заминим», «Абадий дўстлик», «Қирол Лаурин», «Бир киши вақтга қарши», «Хайди», ўзбек ижодкорларининг «Ойқиз эртаги» ва янги анимацион фильмлари намойиш этилади. Болаликнинг беғубор дунёси, қувноқ ва жўшқин воқеаларни акс эттирган фильмларда немис ва ўзбек халқларининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари, ёшларнинг дунёқараши ва ички кечинмалари тасвирланган. 

Мамлакатимиз кино ихлосмандлари фестиваль кунлари Германиянинг таниқли киноижодкорлари – режиссёрлар, актёрлар ва сценарий муаллифлари билан учрашиш имконига эга бўлади. 

 
Азима Қиёсова, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться