Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2017-05-02 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш, балиқчилик ва балиқ овлаш ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкининг “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
а) балиқ чавоқларини етиштиришни такомиллаштириш бўйича:
табиий ва сунъий сув ҳавзаларини балиқлантириш учун қимматли балиқ турларини кўпайтиришни йўлга қўйишда балиқчилик тармоғи ташкилотларига кўмаклашиш;
личинка ишлаб чиқариш бўйича янги инкубация цехларини ташкил этиш, балиқ чавоқлари етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, балиқ чавоқлари етиштириш бўйича мавжуд ҳовузларни модернизация қилиш ва кенгайтириш;
б) табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича:
сув ҳавзалари ташкил этиш учун ер участкалари бериш масалаларида тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш;
балиқ етиштиришнинг замонавий технологияларини, шу жумладан, қафас усулини кенг жорий этиш ҳамда табиий ва сунъий сув ҳавзаларида маҳсулдорликни кўпайтириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмларини ошириш;
балиқлар учун тўла қийматли, юқори оқсилли озуқалар ишлаб чиқариш учун янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш йўли билан балиқчилик тармоғининг озуқа базасини мустаҳкамлаш;
в) балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш бўйича:
балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестицион ва экспорт сиёсатини изчил амалга ошириш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда нархлар мониторингини олиб бориш;
табиий ва сунъий сув ҳавзаларидаги балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда иштирок этиш, республикада аквакультурани ривожлантиришни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;
имтиёз ва енгилликлар бериш, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг маблағларини жалб этиш йўли билан балиқчилик тармоғи ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш;
маҳсулот сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш, балиқ маҳсулотлари нархлари шаклланишининг мақбул механизмини белгилаш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш, балиқ маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш;
халқаро талабларга мувофиқ сифат менежменти тизимининг замонавий усулларини, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни, балиқ маҳсулотларини саноат йўли билан қайта ишлаш ва қадоқлашни жорий этиш;
балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида ишлаб чиқилган инновацион технологияларни кенг жорий этиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш.
3. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг ташкилий тузилмаси, унинг ижро этувчи аппарати бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 20 нафар бўлган тузилмаси ва ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларнинг намунавий тузилмаси 1, 2 ва 3-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисига зарурат бўлганда бошқарув ходимларининг штатдаги чекланган умумий сони доирасида ижро этувчи аппарат тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Қуйидагилар:
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг раиси ва унинг ўринбосарлари муассисларнинг умумий йиғилиши қарорлари билан сайланадилар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланадилар;
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ижро этувчи аппарати фаолиятини жорий таъминлаш ва молиялаштириш Уюшманинг аъзолари бўлган ташкилотларнинг бадаллари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
5. “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкининг масъулияти чекланган жамият шаклида инвестиция компанияси ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларнинг устав жамғармасини шакллантириш, балиқчилик тармоғидаги ташкилотларнинг айланма маблағларини тўлдириш ва кўпайтиришга кўмаклашиш;
балиқчилик тармоғидаги лойиҳаларни молиялаштириш орқали балиқчиликни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишида ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларга кўмаклашиш;
маслаҳат, ахборот-таҳлил ва маркетинг хизматлари кўрсатиш.
6. Маълумот учун қабул қилинсинки:
ҳудудий “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамиятлари (кейинги ўринларда ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлар деб аталади) ва балиқчилик тармоғининг бошқа ташкилотлари “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг муассислари ҳисобланади;
“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки томонидан ташкил этилаётган инвестицион компания, устав жамғармасида камида 51 фоиз улуши билан ҳамда балиқчилик тармоғининг бошқа ташкилотлари ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларининг муассислари ҳисобланади;
ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлар ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг ташкил этилиши 4-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бир ой муддатда Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станциясини Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига белгиланган тартибда айлантирсин ва унинг филиалларини Айдар-Арнасой кўллар тизимида ва республиканинг бошқа ҳудудларида ташкил этсин.
8. Илмий-тадқиқот ва селекция-наслчилик ишларини, замонавий озуқалар рецептурасини ишлаб чиқиш ва балиқчилик тармоғида замонавий технологияларни жорий этишга кўмаклашиш бўйича бошқа тадбирларни амалга оширишни, балиқларнинг касалликлари профилактикаси ва уларни даволашни, тармоқни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари шакллантирилишини молиялаштириш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.
Белгилансинки, табиий сув ҳавзалари ижарасидан тушган маблағлар тўлиқ миқдорда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2003 йил 13 августдаги 350-сон қарорига мувофиқ Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида ташкил этилган бюджетдан ташқари Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси тугатилсин.
9. Ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларни ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни мувофиқлаштириш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича 5-иловага мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) ташкил этилсин.
Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки билан биргаликда бир ой муддатда:
мазкур қарорнинг 4-иловасига мувофиқ ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлари ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилишини;
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси устави тасдиқланишини ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини;
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ижро этувчи аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ва штатлар жадвалига мувофиқ юқори малакали мутахассислар билан пухта танлаш асосида тўлдирилишини таъминласин.
10. Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2017-2021 йиллар даврида балиқчилик тармоғини янада комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Дастур лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратсин:
балиқчилик тармоғининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш;
балиқлар учун юқори оқсилли озуқалар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва янги қувватларни барпо этиш йўли билан балиқчилик тармоғининг озуқа базасини мустаҳкамлаш;
балиқларнинг юқори маҳсулдор зотларини жорий этиш, балиқ етиштириш ҳажмларини босқичма-босқич кўпайтириш, ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш учун сув ҳавзаларининг сифатини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш;
ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлар негизида инкубация цехларини қуриш, балиқларни парвариш қилиш жойларини, балиқни қайта ишлаш ва омухта ем ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш;
Айдар-Арнасой кўллар тизимидан янада самарали фойдаланиш, балиқ етиштириш, овлаш ва қайта ишлашни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
республика сув омборларидан самарали фойдаланиш учун балиқ етиштириш ва овлаш ишларини ташкил этиш;
юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш йўли билан балиқ етиштиришнинг қафас усулини тизимли равишда кенг жорий этиш;
балиқчилик тармоғи ташкилотларига бошқариладиган нархлар бўйича моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, шунингдек, катерлар, қайиқ ва бошқа махсус техникаларни сотиб олиш;
балиқчилик маҳсулотлари сифати менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этиш, шунингдек, уни халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар, шунингдек, балиқчилик тармоғи учун илмий тадқиқотчилар, ихтиолог мутахассислар тайёрлашнинг ўқув режалари ҳамда дастурларини такомиллаштириш ва янгилаш, кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлар буюртманомалари бўйича сунъий кўллар, чавоқ етиштириш ва инкубация цехлари қуриш учун ер участкалари ажратилишини;
балиқ овлаш тармоғини ривожлантириш мақсадида табиий сув ҳавзаларини 2018 йилдан бошлаб белгиланган тартибда доимий равишда танҳо фойдаланиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилишини таъминласинлар.
12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
балиқчилик хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқчилик ташкилотларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини;
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.
13. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қуйи бўлинмалари базасида балиқчилик тармоғининг, шу жумладан, Айдар-Арнасой кўллар тизими ишчиларининг вақтинчалик яшаши учун махсус вагонлар ва қафас ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича бир ой муддатда таклиф киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
балиқчилик тармоғи учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат аграр университетида балиқчилик факультетини ташкил этсин;
2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Арнасой қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежи базасида балиқчилик тармоғи учун кадрлар тайёрлашни ҳамда мазкур коллеж Тошкент давлат аграр университетига бириктирилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси билан биргаликда ҳар йили озиқ-овқат буғдойи балансини шакллантиришда омухта ем ишлаб чиқариш учун ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларга биржа савдолари орқали сотиш учун буғдой ажратилишини назарда тутсин.
16. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлари ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи юридик шахслар 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда личинка, балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштиришдан, балиқчилик маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадлари бўйича ягона солиқ тўлашдан озод этилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг асосланган буюртмалари бўйича премикслар, ветеринария препаратлари, балиқ чавоқлари, балиқни қайта ишлаш бўйича технологияларни, бошқа зарур материаллар ва ускуналарни ҳамда махсус техникаларни сотиб олиш учун маблағларнинг етишмаётган қисмини конвертация қилишни таъминласин.
18. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига Уюшманинг аъзолари манфаатларини кўзлаб даъволар тақдим этиш, давлат органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан давлат божи тўламасдан судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекбалиқсанот” уюшмасининг буюртманомаларига биноан балиқчилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визаларининг консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзбекбалиқсанот” уюшмасининг буюртманомаларига биноан балиқчилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
21. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги “Ўзбекбалиқсанот” уюшмасининг буюртманомаларига биноан балиқчилик тармоғида ишлаш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
22. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасини Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Кичик Халқа йўли кўчаси, 21 "а"-уй манзилига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини таъминласин.
23. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р.Парпиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 1 май
Манба: ЎзА