Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

«Электрон ҳукумат» — аҳолига қулайлик яратишнинг амалий тизими

2017-05-02 | Технологиялар

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида “Электрон ҳукумат” тизими самарали ишлашини таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган вазифа сифатида белгиланган. Президентимиз Ҳукуматнинг йил якунларига бағишланган мажлисида алоҳида қайд этганидек, ҳозирча у тўлиқ ҳажмда ишламаяпти. Айрим идоралар эса бу тизимга ёки уланмаган ёки очиқ айтадиган бўлсак, уни нима қилишни ҳам билмайди.

Масалан, соғлиқни сақлаш тизимида шифокорлар қабулига ёзилиш, маълумотномалар олиш, касаллик варақаларини юритиш, дори воситалари учун рецепт бериш электрон тарзда амалга оширилса, қанчадан-қанча юртдошларимиз жонига оро кирган, уларнинг узундан-узун навбатда туришлари кескин камайган бўлар эди. Хўш, ушбу хизматлар жорий этилишини кўзда тутадиган “Соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари мажмуи нега суст рўёбга чиқарилмоқда?  

Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш. Шерматовнинг “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш бўйича қонун ҳужжатлари ижроси тўғрисидаги ахбороти ана шу нуқтаи назардан танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. 

Парламент назорати тартибида кўриб чиқилган масала муҳокамасида -таъкидланганидек, бугун “Электрон ҳукумат” тизими аҳолининг оғирини енгил қилиш, турли давлат идоралари эшигида сарсон-саргардон бўлишларининг олдини олиш, бюрократик тўсиқларга барҳам беришда самарали воситалардан бирига айланди.

“Электрон ҳукумат”, моҳиятига кўра, одамлар ва тадбиркорларга ахборот ҳамда давлат хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш тизими бўлиб, бунда давлат хизматчиси ва мурожаат қилувчи виртуал муносабатда бўлади. Мисол учун, бугун ўз хусусий бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган -фуқаро мазкур тизим орқали, бор-йўғи, 30 дақиқа ичида тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Ваҳолонки, илгари бунинг учун ҳафталаб вақт кетар, фуқароларимиз амалдорларнинг эшигида узоқ навбат кутишига тўғри келар эди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, вазирлик “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 дан ортиқ Фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукуматнинг 50 дан зиёд қарорини тайёрлашда ва қабул қилишда иштирок этди.

Давлат органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни давлат тузилмалари фаолиятидан мунтазам ҳамда ҳар томонлама хабардор қилиш механизмларини жорий этиш мақсадида давлат тузилмаларининг ахборот жиҳатидан очиқлигини ҳар чоракда баҳолаш йўлга қўйилди. Масалан, агар 2014 йилда 100 баллик тизим бўйича рейтинг кўрсаткичлари ўртача 56,9 фоизни ташкил қилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич ўртача 80,2 фоизга етгани диққатга сазовор. 

“Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича 14 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Ахборот тизимлари ва “Электрон ҳукумат” тизими маълумотлар базасининг давлат органлари ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида 2016 йилда ўзаро ҳамкорликнинг идоралараро электрон тизими жорий этилди. Тадбиркорлар, аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро алоқа Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ушбу порталда 300 дан ортиқ давлат хизматлари йўлга қўйилган.

Ш. Шерматовнинг маълум қилишича, “Электрон ҳукумат” тизими лойиҳалари нафақат аҳоли, балки тадбиркорлик субъектлари учун ҳам қатор қулайликлар тақдим этиб, уларнинг вақтини тежаш, коррупциянинг олдини олиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Хусусан, “Электрон ҳукумат” тизими доирасида жорий қилинган “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси лойиҳаси орқали 41 фаолият бўйича 61 турдаги лицензия олиш учун онлайн ариза юбориш имконияти яратилган. Лекин баъзи давлат идоралари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан “Лицензия” ахборот тизимига маълумотларни киритиш, тизимда ишлаш бўйича оқсоқликлар кузатилаётгани таассуфланарлидир. Масалан, туман, шаҳар ҳокимиятлари томонидан “Кўчма савдога рухсат олиш”, “Ташқи рекламани жойлаштиришга рухсат олиш”, “Тураржой биносини нотураржойга ўзгартиришга рухсат олиш”, “Ерни рекультивация қилишга хулоса олиш”, “Дарахт ва бутасимон экинларни чопишга рухсат олиш” хизматлари бўйича “Лицензия” ахборот тизимига маълумот киритиш ва ушбу маълумотларнинг долзарблигини таъминлашда масъулиятсизлик ҳолатлари кузатилаётгани муҳокама чоғида танқид қилинди. Айни пайтда “Соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари мажмуини жорий этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди идоралар билан биргаликда ишларни -жадаллаштириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ҳамда шаффофлигига эришиш “Электрон ҳукумат” тизимини жорий қилишдан кўзланган мақсадлардан биридир. Шунинг учун ҳам 2015 йилда Очиқ маълумотлар портали ишга туширилган эди. Ушбу порталда бугунги кунга келиб, 125 та давлат органининг 2 минг 467 та маълумотлар тўплами жойлаштирилган. Улардан 789 минг мартадан ортиқ фойдаланилгани эътиборли, албатта. Ушбу ижобий кўрсаткичларга қарамасдан, баъзи давлат органлари мавжуд очиқ маълумотларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бўлишгиси келмаётган ҳолатлар учраб турибди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳокимиятлари тегишли очиқ маълумотлар тўпламини порталга жойлаштирмаган.

Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т. Мадумаровнинг айтишича, парламент назорати тадбирига пухта ҳозирлик кўрилди. Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили, қолаверса, экспертлар билан тизимни таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, эришилган натижалар билан бир қаторда, соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Жумладан, коммунал хўжалик ва уй-жой фонди портали (e-kommunal.uz) барча турдаги коммунал хизматларини ўзида мужассам этмаган, фақат коммунал хизматлар кўрсатувчи веб-сайтларга ҳаволалар кўрсатилган, холос. 

— Давлат органлари томонидан кўрсатилаётган электрон давлат хизматларидан фойдаланишни назарда тутувчи “бир дарча” принципи фақатгина тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга йўналтирилмоқда, — дейди сенатор. — Электрон ҳужжат айирбошлаш тизими дастури (E-ijro) тўлиқ фаолият олиб бормаяпти. Бу дастур барча давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига электрон давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлашга қаратилган. Бугунги кунда унга 5 720 дан зиёд давлат органлари, уларнинг ҳудудий бошқармалари, туман бўлинмалари ҳамда туман ҳокимиятлари муваффақиятли уланган. Бироқ тизим фойдаланувчилари сони жудаям кам, яъни 10 фоиз атрофида бўлиб қолмоқда. 

Сенаторлар, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар веб-сайтларини яратиш масаласи ҳанузгача ҳал этилмаганига эътибор қаратишди.

Муҳокама чоғида “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ҳокимиятларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, парламент назорати тадбирида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борада белгиланган тадбирларни амалга ошириш ишларини жадаллаштириш тавсия этилди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўриш бўйича қатор таклифлар ва тавсияларни билдирдилар. Бинобарин, электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кўлами кенгайтирилиши ва айни пайтда соддалаштирилиши фуқаролар учун ҳар томонлама қулайлик яратиб, ортиқча сарф-харажат ҳамда оворагарчиликларга барҳам беради, энг муҳими, халқимиз рози бўлади.

Манба: «Халқ сўзи»

Поделиться