Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Натижалар, режалар
2017-05-02 | Жамият
Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2017 йил 1-чорак якунлари бўйича йўл қўйилган камчиликлар, уларни 2-чоракда бартараф этиш бўйича чоралар, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 августдаги “2015-2017 йилларда Сирдарё вилоятининг саноат салоҳиятини янада ривожлантириш, замонавий хизмат кўрсатиш ва экотуризм объектларини барпо этиш дастури тўғрисида”ги 233-сонли қарори ижроси юзасидан кўрилаётган чоралар натижадорлиги масалаларини муҳокама этишга бағишланган селектор-йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлигининг гуруҳ раҳбарлари ва котибияти мудирлари, вилоят хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқармалар ва ташкилотлар, вилоят тижорат банклари раҳбарлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари, туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этдилар.
Йиғилишни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
У Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берилган вазифалар ва топшириқларнинг бажарилиши натижадорлиги ҳамда улар сўзсиз амалга оширилиши учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги чоралари тўғрисида гапирди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муродилло Эшматов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
Йиғилишда вилоятни ривожлантиришнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари, тармоқлар ва ҳудудларни янада комплекс ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналари ва минтақаларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилган дастурий чоралар ҳар томонлама ва муфассал кўриб чиқилди.
Қайд этиб ўтилдики, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилиши, шунингдек, республиканинг барча ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатиши “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоянинг ҳаётга изчил ва самарали жорий этилишини таъминлади.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йил 14 январдаги республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ўтган 1-чорак давомида вилоятимиз иқтисодиётида ҳам бир қанча ижобий натижаларга эришилди.
Жумладан, асосий соҳаларда белгиланган прогноз кўрсаткичларнинг таъминланиши ва иқтисодиёт тизимида яратилган қулай шарт-шароитлар натижасида 2017 йил 1-чорагида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 822 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 106 фоизга ўсишга эришилди.
Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 22 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 4 фоизга ўсишга эришилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 105,8 фоизни, ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 105,7 фоизни, қурилиш-пудрат ишлари 110,9 фоизни, чакана товар айланмаси 112,8 фоизни, жами хизматлар ҳажми 110,8 фоизни, худудий экспорт хажми 8,1 млн. долларни ташкил этиб, 104,7 фоизга таъминланди.
Натижада, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида саноатнинг улуши 39,1 фоизни ташкил этиб, кичик бизнеснинг улуши 55,6 фоизга, хизматлар улуши эса 48 фоизга етди.
Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетга 131,7 млрд. сўм тушумлар таъминланди. Белгиланган прогнозга нисбатан 16,7 млрд. сўм кўп маблағ туширилди ва прогноз 114,5 фоизга бажарилди.
2017 йилнинг ўтган даврида эришилган ютуқлар билан бир қаторда камчилик ва хатоларга ҳам йўл қўйилди ҳамда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмади. Ҳисобот даврида белгиланган прогноз кўрсаткичига нисбатан вилоят бўйича 3 та асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бажарилмай қолди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 0,7 фоизга ҳамда жами хизматлар хажми 2 фоизга бажарилмади.
Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 106,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 108,5 фоизга, ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажмини 106,4 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари ҳажмини 108,9 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажмини 110,2 фоизга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши даркор.
Йиғилишда вилоят молия бошқармаси бошлиғи Анвар Каримов ҳудудий молия-бюджет режалаштиришни такомиллаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини кенгайтириш, туманлар, шаҳарлар ва вилоятларнинг субвенцияга қарамлигини қисқартириш мавзусида, Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси бошлиғи Илҳом Анорбоев иқтисодиёт тармоқларини ва тадбиркорликни ривожлантиришда банк тизимининг улушини кенгайтириш ва кўпайтириш тўғрисидаги масалалар хусусида гапирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Янгиер шаҳар ҳокими Исроил Қудратов, Сардоба тумани ҳокими Шукурулло Турсунов, Сирдарё тумани ҳокими Собиржон Назаровлар мазкур масалалар юзасидан фикр, мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ғайрат Сулеймонов йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ишга тушириш, шунингдек қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйлар қуриш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги масаласига тўхталди. Вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Холигитов, вилоят ягона буюртмачи инжиниринг компанияси раиси Алишер Сангиров, Сирдарё автойўл бошқармаси раиси Зафар Сувоновлар шу масала бўйича музокарага чиқдилар.
Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўралова хотин-қизлар ва ёшлар, нотинч оилалар билан ишлаш, улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллалар бўйича юкланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш масаласига тўхталди. Вилоят “Маҳалла” фонди раиси Икром Норбоев, Сайхунобод тумани ҳокими Носир Эгамбердиев, Ширин шаҳар ҳокими Илҳом Бегалиевларнинг чиқишлари тадбир иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги