Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қитъамизнинг энг кучли боксчилари Тошкентда
2017-05-01 | Спорт
Пойтахтимизда бокс бўйича Осиё чемпионати бошланди
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Бокс федерацияси, Осиё бокс конфедерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада қитъамизнинг ўттизга яқин давлатидан икки юздан зиёд чарм қўлқоп устаси ўнта вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашмоқда. Чемпионат боксчиларга шу йилнинг 23 август – 4 сентябрь кунлари Германияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланма бериши билан аҳамиятлидир. Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида кучли олтиликка кирган боксчилар йўлланмани қўлга киритади.
30 апрель куни пойтахтимиздаги муҳташам "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бокс бўйича Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Чорлов садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Маросимда мамлакатимизда спортнинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилган турлари, жумладан, боксни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бераётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланиш учун мамлакатимизда мустаҳкам моддий-техник база яратилган. Спортчиларимизнинг ўқув-машғулот йиғинларида, турли нуфузли мусобақаларда муносиб қатнашишини таъминлаш, уларга зарур шароитларни яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ўзбекистон спорт салоҳияти юқори мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда, – дейди Осиё бокс конфедерацияси президенти С.Қўноқбоев. – Бу мамлакатингизда жисмоний тарбия ва спорт ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, маҳоратли спортчиларни тарбиялашга барча шароит ва имкониятлар яратилаётгани, спортчиларингизнинг халқаро майдонларда юксак ғалабаларни қўлга киритаётгани туфайлидир. Бокс бўйича Осиё чемпионатига қитъамизнинг қатор давлатлари даъвогарлик қилди. Лекин Осиё бокс конфедерацияси мамлакатингизнинг нуфузли спорт анжуманларини юқори савияда ўтказиш борасидаги бой тажрибаси ҳамда замонавий спорт инфратузилмаси мавжудлигини инобатга олиб, мазкур чемпионатга мезбонликни Ўзбекистонга топширди. Бу галги қитъа чемпионати ҳам юқори савияда ташкил этилишига ишонамиз.
Осиё чемпионатида Ватанимиз шарафини Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари – Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, тажрибали боксчиларимиздан Жасурбек Латипов, Элнур Абдураимов, Иқбол Холдоров, Исроил Мадримов, Санжар Турсунов, Баҳодир Жалолов ҳимоя қилмоқда.
Осиё чемпионатининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси А.Раматов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА