Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ахборот-кутубхона тизими такомиллашмоқда
2017-05-01 | Технологиялар
Наманганда “Central Asiа – 2017” Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XI Халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси ва бошқа ташкилотлар ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ахборот-кутубхона муассасалари раҳбарлари, журналистлар, хорижлик мутахассис ва экспертлар иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ахборот-кутубхона, ўқув, музей, архив муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар фаолиятини давр талаби даражасида тубдан ислоҳ қилиш, аҳолининг ахборот ва китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори вазифасини бажарувчи Умида Тешабоева. – Бугунги анжуман ҳам фан, таълим, маданият ва бизнес соҳасида электрон ахборот ресурсларини ривожлантириш, тизим фаолиятини халқаро ҳамкорлик, илғор тажриба алмашинувлари асосида тубдан такомиллаштиришга қаратилган.
Тадбирда “Россияда мутолаани қўллаб-қувватлаш миллий дастури”, “Германия Кутубхоначилик ассоциациясининг кутубхоначилик соҳасида таълим ва ўқитишга қўшган ҳиссаси”, “ЮНЕСКОнинг медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича ўқув дастури: Россия ва Ўзбекистонда мослаштириш тажрибасидан”, “Евроосиё Кутубхоначилик ассамблеяси лойиҳавий фаолиятида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг иштироки”, “Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона муассасалари: китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилишда ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
– Ўзбекистонда ўтказилаётган шундай конференцияларда учинчи марта иштирок этмоқдаман, – дейди Германия Кутубхоначилик ассоциацияси раиси Франк Редис. – Ҳар сафар келганимда бу ерда рўй бераётган улкан юксалишлар қаторида кутубхона тизимининг ҳам халқаро стандартлар асосида ривожланиб, тизим фаолияти такомиллаштирилаётганига гувоҳ бўламан. Бу гал ҳам кутубхоналарни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини кузатдим. Айниқса, мутолаа ва китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича олиб борилаётган тарғибот ишлари ва амалий чора-тадбирлар диққатга сазовор. Конференцияда иштирок этиб, ўзим учун кўп нарсаларни ўргандим.
Конференция Нодира номидаги Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказида ўз ишини секцияларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Секция машғулотларида ахборот-кутубхона муассасалари, нашриётлар, оммавий ахборот воситаларининг китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилишдаги ҳамкорлиги масалалари, фан ва таълим ривожида ахборот-кутубхона фаолиятининг аҳамияти, маданият ва санъат соҳасида ягона ахборот макони, ахборот-кутубхона муассасаларининг нашриётлар, архивлар ва музейлар билан ўзаро ҳамкорлиги, автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизимлари ва технолгияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган 50 дан зиёд маърузалар муҳокама қилинди.
Конференция доирасида мактаб кутубхонасида ахборот маданияти ва медиа саводхонлик асослари бўйича машғулотларни ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари мавзусида машғулотлар ўтказилди. Мутахассислар томонидан илмий тадқиқотларни ахборот билан қўллаб-қувватлаш ва нашр эттириш фаоллиги бўйича маҳорат дарси, Ўзбекистон Республикаси йиғма электрон каталогини шакллантиришда ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни, “UZMARS” форматида ахборот-кутубхона ресурсларини каталоглаштириш масалалари бўйича ўқув-тренинглар ўтказилди.
– Вилоят ахборот-кутубхона муассасалари 5 миллион 200 мингдан зиёд китоб, 380 мингдан ортиқ электрон ресурслар фондига эга, мунтазам фойдаланувчилар сони 800 минг кишидан ошди, – дейди Нодира номидаги Наманган вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Мавлуда Жўрабоева. – Бундай йирик конференцияларнинг вилоятимизда ўтказилиши бу борадаги халқаро ҳамкорлик фаолиятимизни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Манба: ЎзА