Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сифатли маҳсулотнинг харидори кўп
2017-05-01 | Иқтисодиёт
Самарқандда “Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш ва рақобатни кучайтириш” мавзусида бизнес форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган форумда Афғонистон, Бельгия, Германия, Франция, Исроил, Латвия, Литва, Туркия, Украина ва Марказий Осиё давлатларидан келган тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар экспертлари, юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар вакиллари, фермерлар қатнашди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан унинг рақобатбардошлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда экологик тоза, халқаро стандартларга мос қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, ярим тайёр ва тайёр озиқ-овқат ҳамда қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий жиҳозланган янги қайта ишлаш корхоналари қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси рақобат муҳитини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Камолиддинов. – Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги фармони билан қайта ташкил этилган қўмитамиз олдига ҳам ушбу лойиҳаларни бажариш юзасидан муҳим вазифалар қўйилди. Бугунги бизнес-форум мамлакатимиз қишлоқ хўжалик тармоғида маҳсулот етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда халқаро бозор талабларини ўрганиш, хорижий компаниялар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги ҳамкорлар топишга хизмат қилади.
АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг савдо масалалари бўйича Марказий Осиёдаги бош маслаҳатчиси Райдер Роджерс кейинги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор замонавий технологиялардан кенг фойдаланилган ҳолда юқори сифатли, халқаро бозорда талаб юқори бўлган маҳсулот етиштирилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу тармоқда янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорлик ошишининг муҳим омили бўлмоқда. Айниқса, эркин иқтисодий зоналарда яратилган имтиёз ва қулайликлар самарасида мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини замонавий усулда қайта ишлаш, қадоқлаш билан шуғулланувчи корхоналар кўпайиб бораётгани соҳа тараққиётига хизмат қилмоқда.
Тадбирда эркин иқтисодий зоналар – рақобатни ривожлантиришнинг асосий омили, мева-сабзавотни қайта ишлаш, агро-логистика тармоғида монополияни қисқартириш ва рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё мамлакатларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишни кенгайтириш ва диверсификациялаш йўналишлари бўйича маърузалар тингланди, тақдимотлар ўтказилди. Бу борада Ўзбекистон амалиёти ва халқаро тажриба таҳлил этилди.
– Бир неча йилдан буён Ўзбекистондаги компаниялар билан ҳамкорлик қилиб келамиз, – дейди Литвадаги "UzLiTa" ассоциацияси президенти Даниус Сермунчинс. – Юртингизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига бизда талаб жуда юқори. Шунинг учун ҳам йилдан-йилга савдо шартномаларимиз салмоғи ошиб бормоқда. Ушбу форумда яна кўплаб ҳамкорлар топиб, манфаатли шартномалар тузишни режалаштирганмиз. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан маҳсулот етиштириш ва етказиб бериш бўйича фикр алмашдик.
Форум доирасида Самарқанд вилоятида тайёрланаётган мева-сабзавот маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди ҳамда вилоятнинг инвестициявий салоҳияти, хорижий ва хусусий сармоядорларга яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
– 2013 йилда иш бошлаган корхонамиз фаолияти асосан хорижга қуруқ мева экспорт қилиш билан боғлиқ, – дейди “Ургут маржонаси” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Абдураҳим Зиёдуллаев. – Россия ва Украинадаги бир қатор фирмалар билан тузилган шартномалар асосида жорий йилнинг биринчи чорагида 260 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Форум қатнашчилари ҳам маҳсулотларимизга қизиқиш билдирди ва улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикрлашиб олдик.
Тадбирнинг иккинчи куни бизнес-форум иштирокчилари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ердаги корхоналарда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, замонавий музлаткичларда сақлаш ва хорижга экспорт қилиш жараёнлари билан танишди. Ҳудуддаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.
Манба: ЎзА