Сув томиб-томиб тошни емиради ёки занг аста-секин ҳар қандай мустаҳкам пўлатни ҳам чиритади. Шу маънода аҳоли мурожаатлари ўз вақтида қонуний ва самарали ҳал қилинмаса, улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши муқаррар.
Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида асос солган янги тизим – Халқ қабулхоналари институти нафақат мурожаатларни қаноатлантириш, балки ҳаётимиздаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўришдек катта мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бу жиҳатлар 28 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ташкил этган навбатдаги сайёр қабулда ҳам ўз ифодасини топди. Очиқ мулоқотда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, марказий идора ва ташкилотлар, банк-молия муассасалари, пойтахтимиз ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликларининг раҳбар ва масъул ходимлари фуқаролару тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни ҳал қилишга киришди.
Сайёр қабулда туманда мурожаатлар билан ишлаш, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларига ечим топиш борасидаги ишлар таҳлил этилиб, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар кескин танқид қилинди.
Мазкур туманда яшовчи фуқаро Эргаш Холмуродов туғма ногирон – кўзи ожиз. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини битирган. Ҳозирда ишга жойлаша олмаяпти.
Ўзбекистон халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев, Ўзбекистон меҳнат вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов ва бошқа мутасаддилар биргаликда фуқаронинг мурожаатини кўриб чиқди.
– Ўқув йили якунланаётган айни пайтда Ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида вакант жой йўқ, албатта, сизни янги ўқув йилида ишга жойлаштиришга ҳаракат қиламиз, – деди Д.Кенжаев. – Бунинг учун белгиланган қоидаларга мувофиқ тифлопедагогика, яъни кўзи ожиз тарбияланувчилар таълим-тарбияси билан шуғулланиш бўйича қайта тайёрловдан ўтишингиз керак. Унгача мурожаатингиз Халқ таълими вазирлиги назоратида бўлади.
Туман мутасаддилари Э.Холмуродовга бунгача бирор иш билан шуғулланишни маслаҳат берди. Хусусан, унга маҳалласида имтиёзли асосда дала-дўкон ташкил этиш, бу борада, зарур бўлса, кредит олиш таклиф қилинди. Фуқаро оиласи билан маслаҳатлашгач, таклифлардан бирини танлашини айтди.
Валентина Убайдуллаева туманнинг Аҳмад Югнакий даҳасида яшайди. Кўп қаватли уйдаги хонадонининг умумий майдони – 77,28 квадрат метр. Айтишича, худди шу ўлчамдаги қўшнисининг уйи 63 квадрат метр атрофида белгиланган. Шу боис у «хонадоним майдони аслидагидан кўпроқ ҳисобланган, айрим коммунал тўловларни қимматроқ тўлаяпман», деган фикрда. Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғи Алижон Шоев бошчилигидаги комиссия бу масалани жойига бориб ўрганиб, қонуний ечим топадиган бўлди.
Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 67 ёшли Иброҳим Қаюмов уч марта миокард инфарктини бошидан кечирган. Унинг юрагига стенд қўйиш учун ордер сўраб қилган мурожаатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари тез кунда кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилади.
Очиқ мулоқотда аҳолидан табиий газ бўйича асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани ҳақида кўп мурожаат келаётгани, бу масалани комплекс ўрганиб чиқиш, муаммонинг илдизини топиш ва бартараф этиш лозимлиги таъкидланди. Сайёр қабулда бу борадаги қатор мурожаатлар кўриб чиқилди. Хусусан, Асадилло Розиқов Мирзо Улуғбек тумани 4-берк Турон кўчаси 6-уйда яшайди. Айтишича, 2016 йилнинг сентябрида табиий газ ходимлари унинг хонадонида хатлов ўтказиб, 2 миллион сўмдан ортиқ қарз ҳисоблаган. Унга бу қарз 2010 йили табиий газ ҳисоблагичини қиёслов кўригидан ўтказилгани ҳақидаги сертификат белгиланган муддатдан кеч олингани билан изоҳланган.
– Модомики, шундай бўлган тақдирда ҳам, орадан етти йил ўтиб кетган, лекин ўша вақтда ҳисоблагич ишлаган, унга асосан барча тўловни тўлаганмиз, буни исботлайдиган барча квитанция, мана, қўлимда турибди, боз устига 2015 йили шу ҳисоблагични яна белгиланган қоида-талаблар асосида ўз вақтида қиёслов кўригидан ўтказганман, яхши ишлаяпти, – деди А.Розиқов. – Хўш, табиий газ ходимлари ишлаётган ҳисоблагични носозга чиқариб, қарз ҳисоблаши мумкинми? Нега ўша вақтда буни менга тушунтиришмаган? Уларга бу борада нима халал берган?
Мирзо Улуғбек тумангаз фойдаланиш хизмати бошлиғи Алишер Бойхонов фуқаро билан бирга масалани жойида ўрганадиган бўлди. Айтилишича, бу қарздорлик нотўғри ҳисобланган бўлса, дарҳол бекор қилинади.
Мирзо Улуғбек тумани Олтинтепа маҳалласи 2-берк кўчада 9 хонадон бор. Улардан икки хонадонда шаҳар канализацияси мавжуд, қолганларида йўқ. Бугун мазкур ҳудудда яшовчи Зуҳра Ҳайитмуҳамедова ва унинг қўшнилари мазкур муаммога ечим излаб, сайёр қабулга келган.
– Келин бўлиб тушганимга йигирма йил бўлди, шунча вақтдан бери бу муаммо ҳал қилинмади, – деди З.Ҳайитмуҳамедова. – Қўни-қўшнилар билан, рости, шу масалада қийналиб кетдик.
Очиқ мулоқотда туман ҳокимлиги бу муаммони атрофлича ўрганиб, уни ҳал қилиш учун амалий ёрдам берадиган бўлди.
Умуман, бугунга қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига Мирзо Улуғбек тумани аҳолисидан 18 минг 840 мурожаат келиб тушган. Шундан 6 минг 892 таси бевосита туман ҳокимлигига тегишли бўлиб, уларнинг 87,4 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода.
Хўш, бу муаммоларнинг ечими қандай? Ҳар бир мурожаат ҳал бўлиши, адолат ва ҳақиқат амалда таъминланиши, ҳудуд аҳолисининг шикоятлари камайиши учун нима ишларни қилиш керак?
– Бугун туманимизда учинчи марта сайёр қабул ўтказилди, шу вақт мобайнида баъзи масалаларга ечим топдик, бироқ ҳали олдимизда қилинажак ишлар анчагина, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шерзод Кудбиев. – Бугунги очиқ мулоқотда яна бир бор ишимизга четдан баҳо бердик, ўзимизга бўлган талаб ва масъулиятни янада оширишимиз лозимлигини англадик. Асосий мақсадимиз – одамларни ҳаётдан рози қилиш. Бунга уларнинг даромадини ошириш, ижтимоий ва коммунал соҳаларда замонавий шароитлар яратиш орқали эришиш мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси билан мамлакатимизда муайян ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун жамоавий жавобгарлик тизими йўлга қўйилгани бунда жуда муҳим омил бўлмоқда. Тумандаги барча тизим раҳбарлари бир ёқадан бош чиқариб, бир-бирига кўмакдош-маслакдош бўлиб ишласа, муаммолар аста-секин бартараф этилади.
– Мурожаатларнинг қонуний асоси борлари ҳал қилинмоқда, бироқ қонуний ечими йўқ масалалар бўйича аҳолига тушунтиришлар бериш борасида ҳали анча иш қилиниши керак, шунда фуқаролар мурожаатидан тўла қониқиш ҳосил қилади, такрорий мурожаатлар камаяди, – дейди Мирзо Улуғбек тумани прокурори Темур Нормуҳамедов. – Бунинг учун мурожаатни дастлабки кундаёқ атрофлича ўрганиб, ҳал қилиш чораларини кўришимиз керак. Аҳолидан турли масалалардаги қонунбузарликлар, хусусан, баъзи ҳолларда ички ишлар ходимларининг айрим хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзилган аризалар ҳам келиб тушмоқда. Уларнинг баъзиларидаги важлар асосли экани аниқланиб, айбдорларга тегишли чоралар кўрилмоқда.
– Бизнинг соҳада ҳам мурожаатлар билан ишлашда барча имконият ишга солинмоқда, хусусан, мурожаат тўлиқ ҳал қилинмаса, у назоратдан олинмаяпти, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи Азамат Ўроқов. – Бунда ходимларимизни мурожаатлар билан ишлашга ўргатиш, уларнинг касб тайёргарлигини ошириш асосий масала бўлиб турибди. Чунки мутасаддининг ҳуқуқий билими-малакаси етарли бўлса, ҳар бир мурожаатни ўз муаммосидай қабул қилса, уни ҳал этиш учун бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилади.
– Айрим сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам бериш, фуқаролар учун янги иш ўринлари яратишга катта эътибор қаратмоқдамиз, – дейди Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ҳабибулло Иномов. – Ўтган ҳафтанинг ўзида солиқлар бўйича муаммолари бўлган икки корхонага тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши учун амалий кўмак кўрсатилди. Уларга имтиёзли кредитлар ажратилди, 12 одам иш билан таъминланди.
...Сайёр қабулда аҳолининг ҳуқуқий онгини, хусусан, мурожаат маданиятини юксалтириш ҳам долзарб масала экани таъкидланди. Қизғин баҳс-мунораза, юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотлар асносида қатор муаммоларга ечим топилди. Қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни зиммасига олди.
Умид Ёқубов, ЎзА
Манба: ЎзА