Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимиз номидан фахрийларга автомобиллар топширилди
2017-04-28 | Жамият
Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Собитхон ота Обидов бу йил 92 баҳорни қарши олди.
Вилоят ҳокимлиги, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатган фахрийларимиз қатори Собитхон отага Президентимиз номидан пул мукофоти, махсус сертификат асосида олинган “Damas” автомашинаси, совға-саломлар топширилди.
–Уруш халқимиз қалбида оғир жароҳат изларини қолдирди, - дейди Собитхон ота. – Не-не йигитлар тинчлик учун жон фидо қилди. Яратганга шукр, бугун юртимиз тинч, халқимиз осойишта. Айниқса, биз, кексаларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ушбу туманнинг Ҳамид Олимжон номидаги маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қурбонали ота Холматов хонадонида ҳам бўлиб, отахонни байрам билан қутладилар. Имтиёзли сертификат асосида харид қилинган замонавий автомобиль эгасига топширилди.
Манба: ЎзА