Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижтимоий шерикчилик муносабатлари самараси
2017-04-28 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Бафоев, Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти директори ўринбосари Г.Абдуллаева ва бошқалар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш бугунги кунда жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланганини таъкидлади.
Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларида, ҳудудларга сафарлари чоғида, видеоселектор йиғилишларда бу борада берган кўрсатма ва топшириқларини ўз вақтида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини юксалтиришда соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, инсон саломатлигини асрашга йўналтирилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикчилик муносабатларини такомиллаштириш борасидаги ишлар кўлами кенгаймоқда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва бошқа нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарғиботини юритиш бўйича икки юздан кўпроқ жамоатчи тренер фаолияти йўлга қўйилди. Аҳоли, хусусан, бемор болаларни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш, ҳудудларда соғломлаштириш ҳафталикларини ташкил этиш, оила қураётган йигит-қизларни тиббий кўрикка жалб этиш, спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида саломатликка салбий таъсир этадиган иллатларнинг олдини олиш борасида кўплаб тиббий-ижтимоий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигидаги тиббий-ижтимоий лойиҳалар кенгаймоқда. Ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ибн Сино жамоат фонди, Ўзбекистон врачлар ассоциацияси, Тошкент шаҳар «Умид» хайрия жамғармаси, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва тиббиёт йўналишидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бир қатор лойиҳалар бўйича ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Давра суҳбатида тиббиёт тизимида ечимини кутаётган муҳим вазифаларни бажаришда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлигини янада кучайтириш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, ижтимоий шерикчилик алоқаларини ривожлантириш хусусида фикрлашилди.
Манба: ЎзА