Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташаббусдан аҳоли мамнун
2017-04-28 | Жамият
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Аср” тўйхонасида 23 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди.
Маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Солиев, Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Набиев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида халқимизга хос эзгу ишлар кўламини янада кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилаётган мазкур маросимларда ижтимоий ҳимояга муҳтож 172 оила фарзандларининг суннат тўйларини ўтказиш белгиланган.
Қизилтепа туманида бошланган тантана аҳоли томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинди.
– Ўзбекистонимиздаги каби меҳр-оқибат, мурувват ва саховат муҳити дунёнинг ҳеч бир юртида бўлмаса керак, – дейди Қизилтепа тумани Башир маҳалласида яшовчи Хурсанд Эшонқулова. – Ўғлим Асадбек 6 ёшда. Президентимиз ташаббуси билан унинг суннат тўйи катта тантана тарзида ўтказилди. Бундай юксак эътибор учун биз, оналар давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз. Ўғлим келажакда ҳарбий бўлмоқчи. Шундай иззат-икромда камол топаётган жигарбандим келгусида Ватанимизга муносиб, халқимиз ишончини оқлайдиган мард ва юксак маънавиятли инсон бўлишига ишонаман.
Тўй болаларга вилоят ҳокимлиги, ҳомий ташкилотларнинг совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки туман бўлимида улар номига очилган ҳисобрақамига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчаси тантанали равишда топширилди.
Санъаткорларнинг наволари даврага ўзгача файз, болалар ва уларнинг оила аъзоларига олам-олам завқ бағишлади.
Манба: ЎзА