Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқимизга хос юксак фазилатлар намоёни
2017-04-28 | Жамият
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги “Бек” тўйхонасида 12 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ва 21 боланинг суннат тўйи бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси У.Жалменов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлод ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда саховатпешалик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Амударё тумани хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кам таъминланган оилалар фарзандларининг бахтли онлари байрамона нишонланди.
Тўйхонага ёр-ёр садолари остида кириб келган келин-куёвларга тантанали равишда никоҳ узуги ва гувоҳномалари, мебеллар жамланмаси сертификатлари, тўй болаларнинг ҳар бирига велосипед ва 1 миллион сўм маблағ қўйилган омонат дафтарчаси топширилди.
– Неварам Дилшодбекнинг суннат тўйи тантанали нишонланганидан беҳад ҳурсандман, – дейди “Жумиртов” овул фуқаролар йиғинида яшовчи А.Жуманиёзова. – Фарзандларимиз бахт-саодати учун ғамхўрлик қилаётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.
Келин-куёвлар ва тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, нуроний отахон ва онахонлар ёшларнинг бахтиёр ва фаровон яшаши, ҳаётда муносиб ўрин топиши, халқпарвар Президентимиз ва меҳр-мурувватли инсонларнинг соғ-саломат бўлишини тилаб дуо қилди.
Таниқли санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА