Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эзгулик, саховат ва меҳр-оқибат намойиши
2017-04-28 | Жамият
Термиз шаҳридаги муҳташам “Осиё” ресторанида Сурхондарё вилояти маркази, Ангор, Термиз ва Музработ туманларида истиқомат қилаётган 20 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи ўтказилди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилишнинг ўзига хос янги тизими шакллантирилгани фуқароларнинг муаммоларини атрофлича ўрганиш, жойида ҳал этиш ва ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган хайрия никоҳ тўйлари ҳам азалий қадриятларимизга хос эзгу ишлар кўламини янада кенгайтириш, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат ва хайр-саховат ришталарини мустаҳкамлаш, инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани билан барчага манзур бўлмоқда.
Миллий урф-одат ва анъаналаримизга мувофиқ ўтказилган тадбирда Давлат мукофотлари совриндорлари, эл орасида обрў-эътиборга эга нуронийлар, меҳнат фахрийлари, маҳаллалар фаоллари, келин-куёвларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Байрамона безатилган тўйхонада келин-куёвлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
– Президентимиз раҳнамолигида ташкил этилган бу маросим мамлакатимизда ёшлар ва ёш оилаларга кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Жума бобо Тошпўлатов. – Келин-куёвлар чеҳрасида бахтиёрлик, эртанги кунга ишонч ифодасини кўриб, шундай юртда яшаётганимдан ғурурланиб кетдим. Бизнинг давримизда қўли калта оилалар фарзандларининг никоҳ тўйини шундай катта шодиёна билан ўтказиб бериш у ёқда турсин, ёшлардан ҳолинг не, деб ҳеч ким сўрамаган. Бугун фарзандларимизнинг бахтли бўлиши учун барча шароит муҳайё. Кам таъминланган ва ёш оилалар давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Биз, кексалар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, янги оила қураётган ўғил-қизларимизга бахту саодат, юртимизда олиб борилаётган эзгу ишларга ривож тилаб дуо қилмоқдамиз.
Хайрия тадбирида ёш оилаларга Президент совғаси – замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди. Никоҳ узуги, миллий сарполар туҳфа қилинди.
– Бугун катта фарзандимиз Юнусжоннинг никоҳ тўйини ўтказдик, – дейди Термиз туманидаги Тинчлик маҳалласида истиқомат қилаётган Сайёра Абдуназарова. – Келинимиз Севарахон Қумқўрғон туманидан. Уларнинг никоҳ тўйини ўтказишга қурбимиз етмай турган эди. Кам таъминланган оилалар ва уларнинг фарзандларига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди. Бунинг учун барча оналар номидан Президентимизга миннатдорлик билдираман.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва вилоят меҳнат бош бошқармаси ҳамкорлигида никоҳ тўйи ўтказилаётган келин-куёвларнинг бандлик масаласи ўрганиб чиқилиб, уларнинг 10 нафарига ишга жойлашгани тўғрисида меҳнат дафтарчаси берилди. “Гўзаллик салони” хизматларидан имтиёзли фойдаланиш имконияти яратилди.
– Суюкли жияним Бобуржоннинг никоҳ маросими давлатимиз томонидан ўтказиб берилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим, – дейди Ангор туманидаги Марказ маҳалласида истиқомат қилаётган Жамила Нормуродова. – Илгари бундай бўлишини тасаввур ҳам қилмаганмиз-да. Тўйни ўтказиб бериш билан бирга, замонавий мебель жиҳозлари ва бошқа совға-саломлар улашилди. Жияним ўзига муносиб иш билан таъминланди. Бундай эзгу ишлар бошида турган давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга, барча саховатли инсонларга раҳмат.
Самимий тилаклар билдирилган, шўх-шодон куй-қўшиқлар янграган никоҳ тўйи саховатпеша халқимизнинг эзгулик, меҳр-оқибат, аҳиллик каби юксак фазилатларини кенг намоён этди. Нафақат келин-куёвлар ва уларнинг ота-оналари, балки барчада Ватанга муҳаббат туйғуларини юксалтирди, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА